Ш О М У С А Ҳ А Р Л А Р ДА

*  *  *

Шому саҳарларда юртимни кездим

Эркин шамолларга ошно тутиниб.

Ўзимни бахтиёр бойчечак сездим

Баҳорнинг ишқида қорлардан униб.

 

Шому саҳарларда қўшиқ тўқидим,

Оҳангга айлансин дедим бу жаҳон.

Шомда илк юлдузни сўздек ўқидим,

Саҳарда шеъримдан уйғонди осмон.

 

Шому саҳарларда томчи шабнамга

Оламнинг кўзгуси дея қарадим.

Шомда ишондим-у Ёруғ Одамга,

Саҳарда заминга нурдек ярадим.

ОСИЁ

Мен – Осиё. Шарқман. Илк Одам

Менда севди жуфти Ҳаввони.

Эътиқодни ўрганди олам

Менда таниб илк бор Худони.

 

Мен осмонни ичимга ютдим,

Қуёш кезар томирларимда.

Илк алифбо, илк ҳарфни битдим

Бобилону Сомирларимда.

 

Бу дунёнинг тамаддунига

Олтин ғиштни қўйдим мен комрон

Асрларнинг бахтли кунига

Етсин дея умидвор инсон.

 

Яшамоқнинг сирларини гоҳ

Баён этиб тарихларимда,

Қитъаларнинг кирларини гоҳ

Тозаладим ариқларимда.

 

Сув ичганлар мендан ютоқиб,

Лойқалатди булоқларимни!

Ўшанда ҳам дарёдек оқиб,

Гулга кўмдим қирғоқларимни!

 

Мен то ҳануз кучга тўлуғман

Гангитолмас майда иғволар.

Мен соддаман. Лекин улуғман:

Бағримдадир сирли дунёлар!

 

Мен – Осиё. Шарқман. Илк Одам

Менда севди жуфти Ҳаввони.

Эътиқодни ўрганди олам

Менда таниб илк бор Худони.

АТТИЛА

I

Мен хаёл отида учаркан гоҳ-гоҳ,

Ҳамсафар бўлади ёнимда ҳуннлар;

Тарих варағини ёндириб ногоҳ

Туркийлар тиғидан сачрар учқунлар.

 

Учқунлар оралаб, гулхан оралаб,

Уфқни иккига ёради лашкар;

Ғарбнинг киндигини тун-кун қоралаб,

Кўк Бўри кетидан боради лашкар.

 

Саҳройи тулпорлар пишқириғидан

Булутлар тарқалиб, очилар қуёш.

Туркона базмлар қийқириғидан

Жаранглаб кетади тунда тоғу тош.

 

Чексиз кенгликларга бахш этганча шон,

Шамолу қуёшни дўст тутган халқ бу!

Ёвларни қақшатиб доим беомон,

Кўк Тангри ҳукмига кўз тутган халқ бу!

 

Бу халқнинг достони, қўшиқлари бор, –

Қиличнинг дамида янграб яшаган.

(Тарихнинг биз билмас бўшлиқлари бор,

Ютиб тўймагувчи қаърга ўхшаган!)

 

Шу халқдан титрайди ёлғончи дунё…

Туёқлар товуши, ўту тутунлар…

Эддил ботир бошин тарк этмас Ҳумо,

Зафарни зафарга улайди ҳуннлар.

 

Майдонга бўрондек кириб Олтинёл,

«Қулундаги довши билан кишнайди».

Қуёшни қувалаб бораркан ҳилол,

Туркийлар эгарда ҳатто қишлайди.

 

Патли ўқ қанотдек билмайди тиним,

Кўк Тангри қўллайди суюк ўғлонни…

Ниҳоят бебош тиғ топади қинин

Қиличдан ўтказиб сўнгги қурбонни.

 

Бас, тизгин тортилар, қозиқ қоқилар,

Отларнинг қуймичи титрайди дир-дир:

Бас, энди тинчликка иқтидо қилар

Атилла аталган хон Эддил ботир.

 

Чарақлаб кетади ногаҳон осмон

У илк бор Мағрибда тож кийган куни.

Қадимий олмонлар битаркан достон,

Энг одил қирол деб мадҳ этар уни.

 

Румо папаси ҳам ҳурмат кўрсатиб,

Таъзимда ғолибнинг жиловин тутар.

Улуғ Турк ҳоқони ҳиммат кўрсатиб,

Душманлик ҳиссини шунда унутар…

II

Асрлар ўтдилар, ўтдилар йиллар

Гоҳ учқур оҳудек, гоҳ филдек секин.

Худудлар ўзгарди, ўзгарди тиллар,

Атилла шарафи яшайди лекин.

 

Гарчандки аламдан отди баъзилар

Ўз асри тошини номига унинг,

Бироқ ҳар йил бир бор қиёмат қадар

Шарқдан кундек чиқар Улуғи Туркнинг, –

 

Қаърни писанд қилмай янграр овози

Қуюнлар асридан, қумлар асридан!..

У тушмас эгардан бўлиб норози

Бугун пароканда – шонсиз наслидан.

 

Олтинёлни қичаб, уфқ бўйлаб елар,

Алдамчи тарихлар тортади хира…

Кўчмагай Атилла – муқаддас гавҳар

Буюк Турк қавмнинг тожидан сира!

ТАРИХ

Тарих бўм-бўш: воқеалар йўқ,

Воқеадан қолган сўз бордир.

Тарих – ўчиб кул бўлган бир чўғ,

Илиқ сувга айланган қордир.

 

Тарих бўм-бўш: одамлар қани?

Қабрлар бор, номлар бор холос.

Қани шоҳу гадонинг тани? –

Ҳаммасида, қаранг, бир либос.

 

Тарих бўм-бўш: номард бўшлиқ у,

Ютиб яшар доим мардларни.

У билмайди асло ёшлиг-у,

Ё қарилик деган дардларни.

 

Тарих бўм-бўш: даҳшатли яшар,

У юмилмас, тўйиш билмас кўз;

Хотирани қақшатиб яшар

Аллақачон жони чиққан сўз.

* * *

Абдуллоҳлар жуда кўп ўтган

Бу дунёда мен ҳам Абдуллоҳ.

Улар мени, ишониб, кутган,

Мен улардан қарздорман, Аллоҳ!

 

Жангномадир улар ҳаёти,

Матонатга исм ҳар бири.

Ботинида қолган фарёди

Бу оламда сирларнинг сири.

 

Улар тутди буюк кўксини

Юрту иймон ҳимоясига.

Ҳатто тарих боқар ўксиниб

Кечмишларнинг ҳикоясига.

 

Таъқиблару сургуну зиндон…

Эркка ташна тиллар чўғланди.

Ҳайҳот, улар туғилган замон

Қора милтиқ зимдан ўқланди.

 

Зулмат тунда тиғлар қайралди, –

Ҳукм аҳлининг фармони бажо.

Сўз товушдан, эвоҳ, айрилди,

Жим  йиғлади ҳар битта ҳижо.

 

Топтаб ўтди насру назмини

Гоҳо этик, гоҳида туёқ, –

Ёдга чизар улар расмини

Фожиадан қорилган бўёқ.

 

Йиллар ошиб, асрлар ошиб,

Тикилади менга ул кўзлар

Ва чиқар-у қалбимдан тошиб,

Ёриб ташлар қаламни сўзлар.

 

Ўртанади ичу ташларим,

Йиғлай бошлар, шеърга томган ёш…

Сиз тинч ётинг, мен, адашларим,

Сиз учун ҳам кўтарганман бош!

* * *

Ер ўхшайди бужур туршакка,

Эшагимга чирик барг емиш.

Уй ичида, пусиб бурчакка,

Сичқонларни пойлар маргимуш.

 

Парчаланган юлдузлар мисол

Қиров босган хас-хашак – синиқ.

Туман ичра туғилган ҳилол –

Кўкни кесиб юрган хўрсиниқ.

 

Шохларини гўё турмаклаб,

Кириб борар қишга дарахтлар.

Энди ҳеч ким қорни ҳурматлаб,

Бир-бирига ёзмас қорхатлар.

 

Кўп нарсалар ўзгармиш бугун,

Унутилмиш қадим одат ҳам.

Лекин олам – юмалоқ тугун:

Ўша-ўша – тирмашар одам.

 

Бир қарасанг, янгилик  йўқдек –

Бари эски: ер, қиров, туман;

Сўз куйдирар тилимни чўғдек:

Минг йилларки, гўё мен жимман.

 

АСОГА СУЯНГАН ОТА ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Йўқлов билмас ҳовлида ёлғиз,

Суянганча ирғай асога,

Чол ўлтирар маъюс ва ожиз

Нола қилиб қодир Худога.

 

Икки ўғли унинг йироқда,

Ризқ излайди бегона юртдан.

Бири сузар, бири қирғоқда,

Бари яхши қарасанг сиртдан.

 

Пул жўнатар отаси учун

Гоҳ уни­си, гоҳо буниси.

Келолмаслар аммо бирор кун, –

Ҳаммасидан ёмон шуниси.

 

Соғинч деган қадимий қайғу

Ёлғиз чолни юборар эзиб.

Кунларини ўтказади у

Поёнини умрининг сезиб.

 

Уч-тўртта қўй, содиқ Олапар, –

Уларга арз қилади гоҳ-гоҳ.

Юрагини шунда тилкалар

Томирида қолиб кетган оҳ.

 

Тушларига кирар кампири,

Чол бечора кетар сиқилиб;

Бу дунёнинг бор қалампири

Томоғига келар тиқилиб.

 

Хотиранинг олис сароби

Шовуллайди билмай ҳудудни.

Кузнинг сарғиш, илиқ офтоби

Аллалайди кекса вужудни.

 

Ширин мудроқ босади чолни,

Унутилар ғалвали дунё.

Фарзанд бўлиб, қомати долни

Суяб турар қадрдон асо.

 

БЕТОБЛИКДА ЁЗИЛГАН УЧ ШЕЪР

                            1

Айтгил, қайга кетай бош олиб,–

Дўст тутиниб ойсиз кунларга?

Ҳар кўчадан битта тош олиб,

Ё отайми ўтган кунларга?

 

Нималарга умримни бердим,–

Берганимга умрим розими?..

Саволимга қулоқ тутар ким,–

Қайдан топай одил қозини?

 

Курашталаб яшадим доим,–

Белбоғимни ечмадим сира.

Бугун бандми майдонда жойим?–

Илғолмайман – кўзлар сал хира…

 

Орзуларим қилиниб талон,

Менга қолди фақат армоним;

Куз ҳавоси остида ҳайрон

Янчилмаган дондек хирмоним.

2

Лаҳзаларнинг қоронғусида

Мангуликни изладим узоқ.

Кўрдим гоҳ-гоҳ ой ёғдусида:

Бир умрга қанчалар тузоқ!..

 

Ҳаммасидан боряпман юриб,–

Жисму руҳда тузоқ излари.

Қийналаман жуда кўп кўриб

Шилинса ҳам юрган тизларни.

 

Ё Аллоҳим, бердинг-ку оёқ,

Шу оёқда юриб ўтайин;

“Умринг бўлсин,– дединг-ку – чироқ!”

Чироқ бўлиб кунни кутайин!

3

Юрагим, айт, нечун силжидинг чапга,

Жой бермоқ бўлдингми бирор нимага?

Ё сузай дедингми ўхшаб кемага

Кўкрак қирғоғидан нари тарафга?

 

Айт, қизиқ эканми андак нарироқ?

Жонингга тегдими ёки муқимлик?

Умр деб аталган шу бир сиқимлик

Умидлар хирмонин нечун совурмоқ?

 

Донишманд Эпикур – қадим юнонлик

Демиш: “Ўлим келмас токи биз бормиз,

Ўлим келганда-чи, бўлмагаймиз биз,–

Кўрмаган нарсангдан қўрқиш нодонлик!”

 

Ҳамма юрак каби ёки сенга ҳам

Беркиниб кирдими шу қадим қўрқув?

Агар ундай бўлса, ма, бир қултум сув,

Ичгин-у, булоққа айлан ҳотиржам!

БЕДОРЛИК

Янгиланар йил ҳар йил,

Биз эса – эски.

Қаримайди, гарчанд тил,

Сўз эса – эски.

 

Эслатади қировни

Сочлардаги оқ.

Изласак бир-бировни,

Хотира – чироқ.

 

Оҳ, у кунлар, у кунлар

Сўзга кўчмайди,

Гулхан бўлган учқунлар

Кўкка учмайди.

 

Энди юракмас, кўпроқ

Титрайди қўллар.

Тунлари қилар сўроқ

Ўтилган йўллар.

 

Гарчанд кўзни юмамиз,

Уйқу эса – йўқ;

Уйқу қочар – қувамиз,

Товонимиз чўғ.

 

Биз қўшиқлар тўқидик

Ёт оҳангларга.

Баъзан шеърлар ўқидик

Ғирт гарангларга.

 

Ҳаммасидан юмиб кўз,

Унутай десак,

Дард ҳақида бошлар сўз

Бўялган кесак.

 

Кесаклар орасида

Тош бўлолмасмиз.

Яна қайта расида,

Ёш бўлолмасмиз.

 

Бу дунё ўзи нима? –

Билолмадик ҳеч.

Эвоҳ, биз чиққан кема

Сувга тушди кеч.

 

Терс қўйилган нарвондек

Ёпишмай томга,

Ғурубдаги карвондек

Борамиз шомга.

 

Гулни куйлайди олам

Чўпдан ясаб соз…

Лекин яхши гаплар ҳам

Кўп бўлгани рост.

 

Шукрона айтса бўлур,

Шукрона ҳам – бахт.

Юзимизга сочар нур

Ёруғлашган Вақт.

 

Ниҳоят насим кирар

Қувиб қайғуни,

Киприкка тутиб берар

Қочган уйқуни.

СОНЕТ

Мен нозик белингга қўл узатган чоқ

Беш панжа шаклини олди юрагим,

Тўрғайга айланиб, келди сайрагим,

Сўзлардан юз бурди титраган дудоқ.

 

Яқинлаб келгандек бўлди энг йироқ

Кўҳи Қоф томонда қолган эртагим.

Эркалаб дединг-у менга: “Тентагим!” –

Ўн саккиз баҳорга тўлди бу қучоқ.

 

Бўсалара олдим-у, тикилдим ёниб,

Сўнг юмдим кўзимни лаззатдан бир дам –

Топдиму йўқотдим яна ўзимни.

 

Топширдим боримни сенга инониб,

Фақат олиб қолдим, умрбод, эркам,

Сени куйлаш учун чанқовузимни.

АРМОН

I

Қишлоқда туғилдим, ўсдим қишлоқда,

Далалар қўйнида эдим бир чечак…

Сўнг ўзим шаҳарда, йироқ-йироқда

Қишлоққа интилиб яшади юрак.

Сурурий интилиш… Ва бир кун боғда

Маҳкам чирмаб олди гўзал бир печак, –

“Қишлоқи ойимқиз” мени гангитди,

Сенга борар йўлни тору танг этди.

II

Уфургандек бўлди ногоҳ бағримга

Ул шўхни қучганда қишлоқ ҳиди, оҳ.

Хиёнат қилдим мен улуғ шаҳримга.

(Асли-ку қишлоқда йўқ сира гуноҳ!)

Тиззамга етмаган саёз наҳримга

Айқирган Анҳорни алмашдим, валлоҳ.

Иккига бўлиндим шунда, дилбарим:

Энди бут нарса йўқ – ҳаммаси ярим.

III

Нетайки, алдади оний ҳиссиёт,

Мен авло деб билдим ўткинчи қизни.

Тақдирнинг чўғига менгзадим, ҳайҳот,

Ялтираб кўринган тилла қўнғизни.

Мен бугун силайман оҳ уриб бот-бот

Ярадор қалбдаги оғриқли изни.

“Шунчаки” кетдим-у сендан йироқлаб,

Бир умр армонни қолдим қучоқлаб.

IV

Нечун мен севгини – эзгу нажотни

Назарга илмадим, ўйин деб билдим?!

Дурустроқ ўрганмай туриб шаҳмотни,

Мен тентак, фарзинлик даъвосин қилдим.

Яралаб бахт деган буюк қанотни,

Йиллардан-йилларга судралиб, жилдим.

Дарёни васф этдим, гарчанд, сўзимда,

Сароблар мавжланди, лекин, кўзимда.

V

Ўзимни маъбуддек билибман, нодон,

Бор-йўғи гуноҳкор банда эканман.

Ҳосилим йиғилди, боқ, аччиқ хирмон, –

Нетайин, барини ўзим экканман.

Ҳаммадан қалбимни тирнар бир армон:

Сенинг товонингга  кирган тиканман

Ва лекин гулликни даъво қилдим мен,

Сени ҳам куйдириб, адо қилдим мен…

* * *

Узоққа бормади бахт унча,

Ғанимлар орага тушди-ку!

«Ҳаммаси дунёда вақтинча,

Ваъда ҳам шохдаги қушдек-ку!» –

 

Шу тахлит овутиб ўзни биз

Кирамиз чорларкан гўшанга.

Ўргана бошлайди кўзимиз

Тўшакни тўлдирган ёш танга.

 

Кўникиб кетамиз охир биз

Деб: «Дунё бири кам, тантиқ-да!»

Зуҳрони унутган Тоҳирмиз:

Бемалол ухлаймиз сандиқда.

* * *

Мени алдаб кетди рангин гулзорлар,

Жўшқин булбуллар ҳам жўшмай қўйдилар.

Яшашга интилган асрий чинорлар,

Жонини кўрсатиб, танин ўйдилар.

 

Барглару томирнинг оралиғида

Буралди дархт деб аталган ҳаёт.

Япроқнинг манглайи қоралигидан

Ерга кириб кетди илдиз деган дод.

 

Баҳордан ҳам бошқа фасл кўп – билдим

Еллардан изғирин бўлганда пайдо.

Кечаги чечаклар бугун кўп – билдим

Устимдан кулганда турланган дунё.

 

Барибир, гоҳ совиб, гоҳида илиб,

Рангларга беписанд боқиб яшайман.

Ҳар куни қуёшни лолажон қилиб,

Тоғлар чаккасига тақиб яшайман.

* * *

Санчишади шоирга пичоқ

Доим куракдан.

Лекин ҳар сўз, ҳар битта ҳижо

Чиқар юракдан.

 

Курак оғрир, қон томар оҳдан

Қизаргудек ер.

Юрак эса ҳар бир пичоқдан

Ясар гўзал шеър.

АННА АХМАТОВА

Гўзал қизча излаб аслини,

Бу дунёни тутди саволга

Ва юракнинг солди расмини

Дарахтлару дарё, шамолга.

 

Келмай туриб ҳали навбаҳор,

Настариннинг гулидек тошди.

Бўлмаса ҳам ишқда бахтиёр,

Одамларга севги улашди.

 

Унга боқиб осмон қолди лол:

Ерда экан энг ёруғ юлдуз!

Куйлаб қўнди дарахтга шамол,

Дарё билан ўйнаб оқди муз…

 

Чақнар экан унинг илҳоми

Ҳайрат ичра олам суқланди.

Сўнг нурларга ишонган номи

Абадият ичра йўқланди.

 

Китобини унинг варақлаб,

Шоирликдан туясан ғурур.

Ҳар очганда кундек ярақлаб,

Чиқиб келар мардона умр.

 

Чиқиб келар Улуғвор Алам –

Азобларнинг бахтли келини,

Бардошини алқаб Худо ҳам,

Унга берди булбул тилини.

 

У аскардай ўпди тиз чўкиб,

Шеъриятнинг қутлуғ туғини.

Бор қўрини сўзларга тўкиб,

Ловиллатди Пушкин чўғини

МАЪРУФ ЖАЛИЛНИНГ “САЙЛАНМА” КИТОБИГА ЁЗУВ

Сен фақат сўз йиғдинг, мол-мулк йиғмадинг,

Сўз узра бош эгдинг, гоҳо йиғладинг,

Бу дунё тор экан, лекин, дўстгинам:

Сўзларинг сиғди-ю, ўзинг сиғмадинг.

МУҲАММАД РАҲМОН

Гўзал шоир эди Муҳаммад Раҳмон,

Гўзал инсон эди Муҳаммад Раҳмон,

Осмонлар қўймасдан олиб кетдилар,

Гўзал осмон эди Муҳаммад Раҳмон.

 

 

* * *

 

Мен булутни ёриб чиққан ой бўлдим,

Юксаклардан тошиб келган сой бўлдим.

Йўқчиликнинг кулбасида шеър айтиб,

Саройлар ҳам ҳавас қилган бой бўлдим.

 

Мен куйладим ўзим топган осмонни,

Юлдузлардек ёниб турган инсонни.

Мен улуғлаб қалам билан дафтарни,

Енгиб чиқдим қиличлару қалқонни.

 

Чўғим билан зулматларни ёритдим,

Номим билан ҳақиқатни бор этдим.

Ёмон қулни, ёлғон қулни фош этиб,

Кўзларига бу дунёни тор этдим.

 

Дўстим дедим эзилганни, шўрбахтни,

Умрим дедим тоғлардаги тош вақтни.

Қуёш ҳидли эпкин бўлиб уйғотдим

Баҳорлари эсдан чиққан дарахтни.

 

Мен булутни ёриб чиққан ой бўлдим.

Юксаклардан тошиб келган сой бўлдим.

Йўқчиликнинг кулбасида шеър айтиб,

Саройлар ҳам ҳавас қилган бой бўлдим.

Ҳали ҳам мен ўша – Абдулла Шерман,

Бадавлат яшайман, ғариб яшайман.

Гоҳида осмонман, гоҳида ерман,

Ёш эдим – яшадим, қариб яшайман.

 

Атрофда икки дўст – Иззат ва Ҳурмат,

Каттакон шаҳарда катта одамман.

Аслида бу, лекин, «оммавий суврат»

Сийратан кўримсиз, нозик қаламман.

 

Мени истеъдодли дейиш одатдир,

Билмайман: у ишқми, дардми? Билганим –

«Истеъдод» сўзининг ярмиси «дод»дир,

Шоирдир шу додни кўтаролса ким.

 

Шу додни ортмоқлаб мен бахтли, бебахт,

Яшайман пойтахтнинг қоқ марказида.

Ғувиллаб ўтади шаҳардаги Вақт

Тунука том уйимнинг нақ орқасидан.

 

Вақтнинг-ку, тишини кўрмадим, аммо,

Кемириб борар у ҳамма нарсани;

Гоҳида тепамда кулрангтус само

Эслатар осилган улкан харсангни.

 

Гоҳида чарақлаб бепоён осмон,

Мени бир юлдуздек қабул қилади.

Ҳар ёруғ юлдузга бағишлаб достон,

Мен Сомон Йўлидан юргим келади.

 

Гоҳида қишлоқи болалигимнинг

Овози хаёлга келиб инади, –

Кўкқарға учганда силкинган симнинг

Бир зум зириллаши титраб, тинади.

 

Шовқинлар ичида, сукут ичида,

Энг гўзал шеърини кутади умр;

Чексизлик ичида, ҳудуд ичида

Вақт билан олишиб ўтади умр.

 

 

 

Гоҳ тунлар, лекин, мен энг бахтли одам, –

Эшигим тақиллаб, янграйди исмим:

Мени сўраб келар ул олис кўклам,

Кўкқарға ортидан зириллаган сим…

 

Тошкент,

2001

* * *

Қўлларингдан ушлаб, лабингдан тишлаб,

Мен олиб кетаман сени олисга.

Бир кунлик умрни бахтга бағишлаб,

Биз етиб борамиз кузги полизга.

 

Ташландиқ чайлада ёзиб дастурхон,

Бир қултум шаробдан сархуш бўламиз.

Сену мен, муҳаббат, орзу – тўртовлон

Кимсасиз чайлага зумда тўламиз.

 

Сўнг ўтиб қизилўт босган рошлардан,

Яйраймиз кичрайган дарёга кириб.

Чопамиз мох босган қайроқтошлардан

Куз кечиб, сув кечиб, кулиб, қийқириб.

 

Тиззангга етмаган дарё қучоқлар

Қанотсиз балиқ деб болдирларингни.

(Олисда, билмайман, йиғарми-боғлар

Шаҳарлик сайёҳлар чодирларини.)

 

Сентябр қуёши силайди илиқ

Юзимиз, елкамиз, қўлларимизни.

Дунё мунча гўзал, мунча хуш қилиқ,

Тангри узун қилсин йўлларимизни!

 

Тошкент,

2001

* * *

Замҳарир қиш. Ой нурида қор

Кўкиш тусга ўрганиб, қотар.

Кечагина айқирган анҳор

Муз тўнига бурканиб ётар.

 

Қор ҳуснидан руҳланиб осмон,

Чайқатади юлдузларини.

Қорга чирмаб асрар далажон

Кўклам учун гул исларини.

 

Эсга солар беғубор дунё

Болаликнинг кенгликларини;

Пайдо бўлар, ана, Қорбобо

Пўстинининг буклаб барини.

 

Оёғида сеҳрли ковуш,

Ўтиб борар кўринмас қудрат.

Яхмалакда сирпанган товуш

Қулоғингга урилар фақат…

 

Тошкент,

2002

БАҲОР АЙБДОР

Ер билан кўк сирлашар,

Куртаклар пичирлашар –

                    Баҳор айбдор.

 

Ўн олти яшар ҳислар

Ёстиқлардан туш излар –

                    Баҳор айбдор.

 

– Уйқунг қочдими, Ойхон?

– Қизиб кетдим, ойижон! –

                    Баҳор айбдор.

 

– Мунча кечикдинг, Олим?

– Автобус кутиб қолдим –

                    Баҳор айбдор.

 

Яшил фонус остида,

Бир жуфт соя рақсида –

                    Баҳор айбдор.

 

Хўроз қичқирар кезда

Соҳилда қолган изда –

Баҳор айбдор.

 

Нозик қўл очган дарча

Ёпиқ турди тонггача –

                    Баҳор айбдор.

 

Бир атлас кўйлак хаёл

Шоир шеърига завол –

                    Баҳор айбдор.

 

Тошкент,

1971

ҒАЗАЛДАН УНИБ ЧИҚҚАН ГУЛ

Сонет назарияси ва тарихига чизгилар

 СОНЕТ СИРЛАРИ

Кўпчилик сонет қандай бўлиши ҳақида умумий тасаввурга эга. Лекин унинг фақат ўн тўрт қаторли шеър эмас, балки мураккаб ҳамда ниҳоятда юксак маҳорат ва катта меҳнат талаб қиладиган шеърий шакл эканини ҳамма ҳам билмайди. Зеро, сонет бузилмас қонун асосида вужудга келадиган ғоявий-бадиий пухта лирик асардир. Унинг мумтоз намунаси ҳар бири ўн бир ҳижоли ўн тўрт мисрани, ҳаммаси бўлиб, эллик тўрт ҳижони ўз ичига олади. У икки қисмдан ташкил топади, биринчиси – бор-йўғи икки қофия билан боғланган икки тўртлик (катрен)дан ва иккинчи қисми – эркин қофияланган икки учлик (терцет)дан иборат бўлади[1].

Бундай мумтоз сонетнинг гўзал намуналарини адабиёт тарихида Данте, Петрарка, Бокаччо, Камоэнс, Ронсар, Эредиа, Бодлер, Вордсворт, Мицкевич, Брюсов, Колар, Бехер ва бошқа ўнлаб машҳур шоирлар ижодида учратиш мумкин. Айни пайтда сатрлар сони ва жойлашуви қонуни бузилган, лекин сонет деб аталган шеърларга ҳам дуч келамиз. Уларда фақат ўн тўрт сатрли умумий шакл сақланиб қолади, бошқа жанрий талаблар эса бажарилмайди. Масалан, Вилям Шекспир, Жон Дон сингари инглиз шоирлари турли хил қофияланган ҳар бири тўрт мисрадан иборат уч банд ва икки мисрадан ташкил топган бир бандлик шаклни, Пабло Неруда эса, катрен ва терцетларга бўлинган, лекин қофиясиз ўн тўрт мисрали шеърни сонет деб тақдим этадилар. Булар орасида айниқса Шекспирнинг бир юз эллик тўрт шеъри сонет номи билан машҳур бўлиб кетган. Улар ҳақиқатдан ҳам сонетми? Агар уларни сонет деб қабул қиладиган бўлсак, қатъий қонунга асосланган жанрий талабни қаёққа қўямиз? Ёки ўн тўрт сатрли ҳар бир шеърни сонет деб атайверишимиз керакми? Бу назарий саволларга жавоб топиш учун тарихга ва у билан боғлиқ адабиёт тарихига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.

Сонет атамаси италянча «Sonetto» ва провансал лаҳжасидаги «Sonet» сўзлардан келиб чиққан бўлиб, қўшиқ, жарангдор қўшиқ маъноларини англатади. У мустақил шеърий жанр сифатида илк марта Сицилия мактаби шоирларидан Жакомо да Лентини томонидан XIII асрнинг бошларида қўлланилган[2]. Хўш нима учун сонет айнан Ўрта асрларда, ундан аввал ёки кейин пайдо бўлган эмас? Бундай қатъий қонун асосидаги бадиий асарнинг вужудга келишига нималар туртки берган? Бу борада бизнинг фаразларимиз қуйидагича.

Маълумки, Ўрта асрларнинг аҳамияти мусулмон тафаккурининг инсоният маънавий бойлиги даражасига кўтарилиши билан белгиланди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, бу даврда, аниқроғи, унинг ўрталарида насронийлик Оврўпада ҳамма нарсани черковга бўйсундирди. Католик инквизицияси Библиёга мос келмайдиган ҳар қандай фикрни куфр деб эълон қилди ва бундай фикр эгасини гулханда ёқди. Мусулмон дунёсида эса, аксинча, ҳурфикрлиликка кенг йўл очилди ва инсон Худонинг ихтиёр эркинлигига эга халифаси сифатида, фаришталардан фарқли ўлароқ, эркин ҳаракат ва эркин тафаккур қилишга ҳақли деб ҳисобланди. Қуръони каримда эътиқод билан бирга илм ва ахлоқ исломнинг уч илдизи сифатида талқин этилди, ислом – илм ва олимлар дини, олимлар – Аллоҳнинг дўсти деб эълон қилинди. Натижада мусулмон Шарқида илмий, фалсафий ва бадиий тафаккур IX–XIII асрлар мобайнида мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилди. Бу пайтда Оврўпа эса, кўпчилик Ғарб мутафаккирлари эътироф этганларидек, «гумроҳлик ботқоғига» ботиб ётар эди. Ана шундай шароитда мусулмон олами, мусулмон Испанияси орқали Оврўпани ғафлат уйқусидан уйғотувчи маънавий куч, қитъалар ва эътиқодлар орасидаги тафаккур кўприги бўлиб хизмат қилди. Ғарбда «Буюк таржималар даври» деб аталган XI–XIII асрларда Оврўпа тарихида улуғ Уйғониш рўй берди: мусулмон алломалари, бир томондан, қадимги юнон мутафаккирлари меросини тарғиб қилиш билан, иккинчи томондан, ана шу меросни тадрижий ривожлантирган ўзларининг буюк илмий кашфиётлари орқали Оврўпани гумроҳлик ботқоғидан олиб чиқдилар. Буни мусулмон Испаниясининг Севилла, Қурдоба, Ғарната амирликларини қўлга киритиш жараёнида буюк маданиятдан ҳайратланган насронийлар қолдирган ёзма манбаларда яққол кўриш мумкин. Уларда ва ундан кейинги ҳужжатларда черков намояндалари испан зодагон ёшлари христиан бўла туриб, араб тили, ёзуви ва шеъриятининг нозик нуқталаригача ўрганганликларини, черков таълимотларига юзаки қараб, ботинан мусулмонларнинг «чиройли ҳаёт» тамойилларига амал қилишларини алам билан қайд этадилар[3].

Дарҳақиқат, XI–XIII асрларда ва ундан кейин ҳам мусулмон маданияти Оврўпа учун тақлид объектига айланди. Хоразмий (Алҳоретм), Фарғоний (Алфраганус), Форобий (Алфарабиус), Ибн Сино (Авиценна), Ғаззолий (Алгазали) сингари ўнлаб буюк олимларнинг асарлари лотинчага таржима қилиниб, Ғарб университетларида ўқитилди. Қурдобалик файласуф Ибн Рушд (Аверроэс) Ғарб оламида мислсиз кўрилмаган шуҳрат қозонди. Оврўпада унинг номи билан аталадиган аверроизм ижтимоий-фалсафий оқими вужудга келди. Ҳатто XV–XVI асрларда ҳам Ғарб универститетларида, хусусан, Франциядаги Сорбонна университетининг илоҳиёт ва фалсафа факультетларида араб тили, араб фалсафаси ва Ибн Рушд фалсафий меросидан алоҳида–алоҳида имтиҳонлар олинган.

Ўша даврларда, ҳамма соҳада бўлганидек, адабиётда ҳам Оврўпа муайян маънода мусулмон Шарқига тақлидан ривожланиш йўлидан борди. Ғазал, қасида, мувашшаҳ жанрлари Оврўпага кириб келди. Айниқса ғазал ниҳоятда машҳурлик касб этди. Сонетни ана шу ғазалга тақлидан яратилган шеърий шакл дейиш мақсадга мувофиқ: уни, шоирона қилиб, ғазалдан униб чиққан гул, дейиш мумкин. Зеро, ғазалнинг мумтоз намунаси етти байт – ўн тўрт мисрадан иборат бўлгани ҳаммамизга маълум. Айни пайтда у қатъий қонун асосида вужудга келади: бир байтли бандлардан ташкил топади; мисралар ўзаро фақат ягона қофия воситасида боғланади; матлаъ билан бошланади ва мақтаъ билан тугайди. Зеро, қофияси ҳар хил ғазалнинг бўлиши мумкин эмас. Матлаъсиз ғазал эса бошқа шеърий шаклга – қитъага айланади. Сонетда ҳам ана шундай қатъий қонун мавжуд, унинг бузилиши (бандларнинг жойлашувидами ёки катренда қофиянинг ҳар хил – иккитадан ортиқ бўлишидами) мумкин эмас. Бу борада XX асрнинг атоқли олмон шоири Йоханнес Бехернинг «Сонет фалсафаси ёҳуд сонет борасида кичик йўриқнома» мақоласида билдирган фикрлари алоҳида аҳамиятга эга. Бехер қатъий қонун асосида яратилмаган барча сонетларни инкор этиб, масхаромуз ибора билан «ўн тўрт сатрли шиғирлар» деб атайди ва уларнинг сонетга алоқаси йўқ, деган қатъий хулосага келади[4].

Агар сонет шаклининг бутунлай бузилиши (катрен ва терцетларсиз, турли қофиялар асосида ёзилган ўн тўрт сатрли шеърлар), юқорида айтилганидек, асосан инглиз шоирлари Томас Вайет, Вилям Шекспир, Жон Дон ижоди орқали машҳур бўлиб кетганини эсласак, табиий савол туғилади: нимага айнан инглиз шеъриятида шундай ҳодиса рўй берди? Бунга жавобни 1575 йили чоп этилган Жорж Ҳаскайнинг «Баъзи бир йўл-йўриқлар» деган шеърий рисоласидан топишимиз мумкин. Унда, жумладан, ўша даврларда Англияда «ҳар қандай шеър (агар у кичик ҳажмли бўлса) сонет деб аталиши мумкин» бўлган[5].

Демак, инглиз шоирлари сонет атамасини асл маъносида қўллаган эмаслар ва уни атайин бузиш учун ҳаракат ҳам қилмаганлар, балки шунчаки сонет ҳажмига тақлидан «кичик шеърлар» ёзганлар. Шу боис уларнинг ўн тўрт сатрли шеърларини том маънода сонет деб (шунингдек, уларга «инглизча», «шекспирча», «хулиганча» сифатларини қўшиб) айтиш ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ўринда, Шекспир даҳосига таъзим қилган ҳолда, Арастунинг Афлотун ҳақидаги сўзларини ўзлаштириб, шундай дейишимиз мумкин: Шекспир улуғ, лекин ҳақиқат ундан улуғроқдир.

Шундай қилиб, сонет «торликда кенгликни» бера оладиган, юксак маҳоратни талаб этадиган шеърий шакл, унинг бузилиши аслида маълум маънода ё шоир маҳоратининг етишмаслигини ёки унинг қийинчиликлардан қочишини англатади. Лекин яна бир муҳим жиҳат борки, уни назардан қочириш мумкин эмас: сонетнинг тўрт қисми ўзига хос бадиий миқёс, улар ўз ичига инсонни, унинг ҳаёти, севгиси, қайғуси, шодлиги, мардлигини, уни ўраб турган табиат манзарларини сиғдира олади. Яъни, сонет гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожиавийлик ва кулгилилик, мўъжизавийлик ва хаёлийлик хусусиятларини инъикос эттира оладиган бадиий-эстетик яхлитликдир. Айни пайтда, Бехернинг юқоридаги мақоласида таъкидланганидек, биринчи катрен тезисни, иккинчи катрен аксилтезисни ва терцетлар синтезни ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганда, биринчи катрен – муайян ҳиссий ҳолатни, мосликни, иккинчи катрен аксилҳолатни, номосликни акс эттиради ва терцетлар улардаги қарама-қаршиликни ўзаро келиштирувчи бадиий хулоса сифатида намоён бўлади. Гарчанд бундай бўлиниш ҳамма вақт ҳам аниқ кўзга ташланмаса-да, улар қай даражададир ич-ичдан мавжуд ва сонетда умумий диалектик тадрижнинг доимий тарзда мавжуд бўлишини таъминлайди. Шундай қилиб, сонет ҳам шаклан, ҳам мазмунан диалектик тизимга асосланган қатъий шакл ва уни турли кўринишлардаги ўн тўрт мисрали шеърларда парчалаб ташлаш ёки бузиш мумкин эмас. Зеро, сонетда мазмун-моҳият шакл-ҳодисага бўйсундирилади, шакл мазмун устидан ҳукмронлик қилади. Шу сабабдан ҳам сонетда бирламчи эътибор шаклга қаратилади, шоир аввало мазмунни эмас, шаклни ўзига бўйсундириши лозим бўлади. Ҳар бир сонет мазмунининг шаклга солиниши эса, худди асов отга илк марта эгар уришдек маҳорат ва меҳнатни талаб қиладиган жараёндир. Шу сабабли атоқли шоиримиз Асқад Мухтор, сонетнинг мураккаб шаклини кийилши анча қийин, лекин кийилганидан кейин киши вужудига ажойиб бир ихчамлик бағишлайдиган киборлар либоси бўлмиш фракка ўхшатиб, уни, шеъриятнинг олифта камзули, деган эди.

Бундан ташқари, сонет жанрининг янада мураккаброқ шакли ҳам мавжуд. У ҳажман йирик бўлиб, ўз ичига бир мавзуга бағишланган 15 сонетни – 210 сатрни олади ва «Сонетлар гултожи» ёки «Сонетлар гулчамбари» деб аталади. Сонетлар гултожи мураккаб композицияга эга. Унда ҳар бир сонетнинг сўнгги сатри келгуси сонетнинг биринчи сатри қилиб олинади, охирги ўн бешинчи сонет гардиш (магистрал) деб аталади ва барча аввалги сонетларнинг биринчи сатрларидан иборат бўлади. Ўн тўртинчи сонет магистралнинг сўнгги сатри билан бошланиб, унинг биринчи сатри билан тугайди[6]. Натижада битта гардишга айланма тарзда боғланган сонетлар гулчамбар шаклини олади. Шу боис гулчамбар тугалланганидан сўнг гардиш ундаги охирги сонет бўлса ҳам, ижод қилиш жараёнида биринчи бўлиб ёзилади. Сонетлар гултожи мавзу яхлитлиги, композицион пухталиги туфайли 14 сонет ва бир хотима-сонетдан иборат лирик-интим, лирик-ижтимоий, лирик-фалсафий достон сифатида ҳам тақдим этилиши мумкин.

Ўзбек шеъриятига сонет ХХ аср бошларида кириб келди. Унинг фақат маълум маънодагина анъанавий (унда ҳижолар сони 126 та) намунасини илк бор Усмон Носирда учратамиз. («Яна шеъримга», 1935)[7]. Кейин бу жанрда Барот Бойқобилов, Муҳаммад Али, Рауф Парфи, Эргаш Муҳаммад, Мирпўлат Мирзо сингари шоирлар ҳам қалам тебратдилар. Б.Бойқобилов ва Э. Муҳаммад сонетлар гултожи ҳам ёзганлар. Б.Бойқобилов ва М.Мирзонинг сонетлари асосан уч тўртлик ва бир байтдан иборат ўн тўрт сатрлик шеърлардир. Э. Муҳаммад эса, қофияланиш тартибига амал қилмаган. Фақат М. Алининг  беш сонетдан иборат «Сенга бағишланган сонетлар» туркумида[8] ва Р.Парфининг бир неча сонетида қатъий қонун сақлаб қолинган[9]. Р. Парфиниг қолган сонетларида эса, икки қисмлик шакл бузилмайди, лекин қофиялар эркин. Худди шундай сонетларни биз Александр Файнбергда ҳам учратамиз. Уларни шоир эркин сонетлар деб атаган ва шу ном остида «Вольные сонеты» деган ўттиз тўққиз шеърдан иборат китоб ҳам нашр эттирган. Унга сўзбоши ёзган машҳур рус шоираси Новелла Матвееванинг фикрлари диққатга сазовор. У А.Файнберг истеъдодини таъкидлаши, унинг сонет йўлидаги уринишларини ижобий баҳолаши баробарида сонетнинг ҳеч қачон «эркин» бўлиши мумкин эмаслигини айтиб ўтади: «Китоб номининг ўзиёқ антиқа ҳолат, – деб ёзади шоира, – чунки сонетлар ҳеч қачон «эркин» бўлмайди»[10]. Бироқ атоқли русийзабон шоиримиз ўзининг бундан аввал нашр этилган танланган шеърлар китобига қатъий қонун асосида ёзилган ўн сонетни киритган. Қизиғи шундаки, уларнинг бирида у анъанавий темир қонун исканжасида  яратилган асарнигина сонет деб аташ мумкин ва шундай сонетни ёзган шоиргина ҳақиқий эркин шоир деган номга лойиқдир, дейди ҳамда бу фалсафий фикрни сонет шаклига солади. Мана ўша сонет:

 

Сонет тузоғига тушдим мен ногоҳ,

Ким уни йўлимга қўйди, ё фалак!

Кечир, эй эркинлик, шафқатли малак,

Эҳтиёт бўлмади – шоиринг гумроҳ.

 

Вазну қофиялар нақ темир, эвоҳ,

Сирқирар сиқувдан ҳаттоки суяк.

Гулчамбар тўқийми энди мен тентак, –

Йўқлик дарёсида оқсин деб дилхоҳ?

 

Очлигу совуққа чидадим, бироқ,

Боқ, энди бўғзимни таталар ингроқ –

Қадимий чорловдек: Эрк ёки ўлим!

 

Лекин бир ваҳийдан қалбимда ёғду:

Эркни тузоқда ҳам куйлай олса ким,

Муносиб бўлолгай эркка фақат у![11]

 

Шундай қилиб, ўзбек адабиётида биринчи бўлиб Муҳаммад Али (1973), ундан  кейин Рауф Парфи (1978) ўзбек тилида ҳақиқий сонетни яратдилар. Русийзабон шоирларимиздан эса, Александр Файнберг шундай ишни амалга  оширди. Биз ҳам, табиийки, ана шу йўлни қўллаб-қувватлаймиз: юқорида айтганимиздек, фақат қатъий қонунга – қатъий жойлашув ва қатъий қофияланиш тартибига эга бўлган сонетнигина эътироф этамиз, қолган «янгиликлар»ни, Бехер изидан бориб, сонет эмас, ўн тўрт сатрли оддий шеърлар деб аташ тарафдоримиз. Зеро, ғазалнинг шаклий қонун-қоидаларини бузиб бўлмаганидек, сонет шаклини ҳам бузиш мумкин эмас. Мулоҳазаларимизни буюк олмон мутафаккири, шоир ва адиб, романтизм оқимининг назариётчиси Август Вилҳелм Шлегелнинг сонет номидан ёзган сатрлари билан – фикримизни қўллаб-қувватловчи яна бир сонет билан якунлаймиз:

 

Мен икки катренни боғлайман таранг,

Икки жуфт сатрга бир қофия – соз!

Иккинчи жуфтлигим биринчига мос,

Бирига уланар иккинчи жаранг.

 

Иккала терцет-чи, эркин, ранг-баранг,

Энди қофиялар занжирдан халос

Ва лекин барибир тартибим мумтоз:

Қай мавзу бўлмасин – севгими ё жанг.

 

Кимки бандларимнинг қонунин бузса,

Шунчаки эрмак деб билса уни ким,

У гултож кийганлар сафида бўлмас.

 

Бироқ ким сеҳримни англаб, сўз тузса,

Теранлик, кенгликни қучиб тор шаклим,

Номослик мосликка бўлур ҳамнафас.

 

Тўйтепа,

2008

 СЎЗБОШИ ШАКЛИДАГИ КИЧИК ЭССЭ

Камина сонетга қўл урганида, энди атак-чечак қилиб келаётган ёш шоир эдим. Ўшанда 1961 йилнинг январи эди. Танчада ўтириб, сонет ёздим-у, ҳайрон қолдим: сонет ҳам оддий шеър экан-ку, нега уни қийин дейишади?! Хафсалам пир бўлди-да, шу бўйи анча вақт сонет ўқимадим ҳам, ёзмадим ҳам. Кейинчалик негадир сонетлар туркуми яратишга бел боғладим ва бир муддат сонетхонлик қилишга киришдим. Шекспирдан бошладим, кейин бошқаларни, ўзимизнинг Барот Бойқобиловни ҳам ўқидим. Тўрт ярим бандли шеър ёзсанг, бу – Шекспир, иккита тўртлик ва иккита учлик ёзсанг бас, мумтоз сонет, бундан осони йўқ. Хўш, Петраркани сонетнинг отаси дейишади. Қани уни ҳам бир ўқиб кўрай-чи. И-е, сонет бутунлай бошқа нарса экан-ку, саккиз сатрга иккита қофия! Бунақа  қофиялаш қийин бўлса керак-ов. Уриниб кўрдим, бай-бай-бай! Оғзимдан қоним келгандек бўлди. Хуллас, бир навъи эпладим. Шундай қилиб, дастлабки «сонет»им билан кейингиси ўртасида чорак аср вақт ўтган эди. Лекин, барибир бир нарсани тушунмаган эдим: нега ҳамма ҳар хил ёзади? Наҳотки, Шекспирдек даҳо, икки қофияга саккиз мисрани боғлагани кучи етмаган бўлса?! Бошқалар-ку, майли…

Шундай қилиб, сонет билан жиддий шуғулланишни бошладим. Қўлимга буюк инглиз романтик шоири Вилям Вордсвортнинг сонетлари тушиб қолди. Дастлаб русчасини, кейин инглизчасини топдим. Унинг юзлаб гўзал сонетлари мени мафтун қилди. Лекин уларнинг бирортаси Шекспирникига ўхшамас, ҳаммаси мумтоз шаклдаги, икки катрени (тўртлиги) қатъий икки қофия билан боғланган, икки терцет (учлиги) эркин қофияланган, шаклан Петрарканикидан фарқ қилмайдиган сонетлар эди. Шунда мени мантиқий бир савол қийнай бошлади: Вордсворт, Колриж, Саути – лейкчилар, «кўл мактаби» шоирлари учун Шекспир бир маъбуддек муқаддас сиймо эди. Лекин нима учун Вортдсворт сонет ёзишга киришганида Шекспирни эмас, унинг кичик замондоши Жон Милтоннинг сонетларини намуна деб билди? У шоир дўстларидан бирига ёзган мактубида бу ҳақда шундай дейди: «Мен сонет шаклини, гарчанд унда не-не улуғ шоирлар ижод қилган бўлсалар ҳам, ўтакетган беъманилик деб ҳисоблашга одатланган эдим; кунлардан бирида шундай бўлдики, опам менга Милтоннинг сонетларини ўқиб берди. Мен уларни бусиз ҳам ёддан билардим, бироқ, негадир бу гал улар мени ўзининг уйғунлиги, салобати ва услубининг республикача қатъийлиги билан фавқулодда тонг қолдирди. Шу куни кечаси мен учта сонет ёздим»[12].

Гап шундаки, Шекспир «сонет» сўзини кичик шеър маъносида қўллаган, Милтоннинг сонетлари эса муайян адабий жанрда ёзилган эди. Бу ҳақда, аввалги маъқолада маълумот бериб ўтганимиздек, Жон Ҳаскай 1575 йили чоп этилган «Баъзи бир йўл-йўриқлар» шеърий рисоласида ўша даврларда Англияда, кўпчиликнинг эътироф этишича, «ҳар қандай шеър (агар у кичик ҳажмли бўлса) сонет деб аталиши мумкин бўлган», деган эди[13]. Бу гапга, очиғини айтсам, ишониб-ишонмагандим. Лекин ноёб китоблар дўконидан Шекспирнинг Москвада 1937 йили инглиз тилида чоп этилган тўрт жилдлик тўла асарларини топганимдан сўнг, масала ойдинлашди. Унинг учинчи жилдида сонетлар икки жойда берилган. Биринчиси – «Sonnets» (Сонетлар) – деб номаланган 154 та ўн тўрт сатрли шеърлардан, иккинчиси – «Sonnets to sundry notes of musik» (Турли мусиқий ноталар учун ёзилган сонетлар) деб аталган 6 та турли ҳажм ва вазндаги шеърлардан иборат эди[14].

Шундай қилиб, Жон Ҳаскайнинг гапини Шекспирнинг ўзи тасдиқлаб турарди: бизнинг, (нафақат бизнинг) бир неча асрдан буён ўн тўрт қаторли ҳар қандай кичик шеърни сонет деб чалғишимизга инглизлар сабаб бўлган эди. Натижада 14 қаторни хоҳлаганча «қотириб ташлаб», осонгина сонет ёзиш одат тусига кирди: шоир қофия қидириб қийналмайди, юксак маҳорат шарт эмас; сонет эркин бўлиши мумкин деган баҳона тайёр. Бундай 14 қаторли шеърларнинг жанр маъносидаги сонет эмаслигини кўпгина шоирлар ҳам таъкидлаганлар (Август Шлегел, Йоханнес Бехер, Иван Франко в.б.). Чунончи, Франко сонетларидан бирида, бизга ўхшаб, 14 сатрни қаторлаштириб қўйган ҳамкасабаларига қарата, эй украин шоирлари, сонет ўн тўрт тасодифий сатрнинг йиғиндисидан иборат эмас, унинг ўз қатъий қонун-қоидалари мавжуд,  деган маънода мурожаат этади[15].

Дарҳақиқат, сонет ниҳоятда эҳтиёткорлик ва меҳрга йўғрилган муносабатни талаб қиладиган шакл, яъни сонет ёзиш учун сонетни севиш керак. Мен Петрарканинг сонетларини такрор ўқиганимда буни ҳис этдим. Петрарканинг Лаурага муҳаббати сонет воситасида, сонет ҳужайраси орқали акс этганига, Лаурага ва сонетга бўлган муҳаббат бир-бири билан уйғунлашиб кетганига – улар бир-бирисиз яшаши мумкин бўлмаган улуғ ҳиссиётга айланганига ишонч ҳосил қилдим.

Ўроз Ҳайдарнинг «Фалак фаввораси» китобида ҳам сонетга бўлган ана шундай муҳаббатни кўриш мумкин[16]. Зеро, инсон муҳаббатга осонгина эришмайди. Ўроз Ҳайдар ҳам дастлаб кўп қатори сонетни 14 қаторлик шеър деб тушунган эди. Лекин кейинчалик ўзи танлаган жанрга улкан муҳаббат, унга барча қийинчиликларни енгиб ўтиш ва ҳақиқий сонет яратиш имконини берди.

Ўроз Ҳайдар ўзига хос услубга эга, бу ҳамма шоирга ҳам насиб этавермайдиган ижодий омад, илоҳий неъмат. Тўғри, бу услуб оппоқ, ярқироқ эмас. Унда қора ранг устувор. У қуёшдан кўра тундаги осмонни, оқ юлдузларнинг ёрқин кўриниши учун хизмат қиладиган қоронғиликни эслатади. Унда қора олам оқ фикрнинг янада ярқираб кўриниши учун хизмат қилади. Шу боис Ўрознинг шеърларидаги, хусусан, сонетларидаги оламу одам тасвирини тушкунликка йўйиш керак эмас. Уларда осмону ернинг қора рангга бўялган изтироблари инсон қалбининг оқлигини, унинг улуғворлигини таъкидлаб туради, холос. Айни пайтда бу услубда биз ҳозир модернизм деб атайдиган бадиий фикрлаш тарзини ҳам кўриш мумкин. Китобнинг номига кўз ташлашимиз биланоқ: фалакда фаввора бўладими? Фалак фаввораси нима – қуёшми, юлдузларми? Фаввора юқоридан пастга қараб отиладими ёки пастдан юқоригами? деган саволлар туғилади, тушунмагандек бўламиз. Лекин машҳур Боқчасарой фаввораси – Кўзёш чашмаси юқоридан пастга қараб томади-ку! «Юлдузлар – қорачиқ сўқир кўздаги» дейди, Ўроз. Шундай дейиш мумкинми? Бундан деярли бир ярим минг йиллар аввал хитойлик шоирлар Ван Вэй ва Су Шилар «сукунат ҳайқиради», япон шоирлари Мёе ва Сайгёлар «ой нури жаранглайди» деган эдилар. Демак, шундай дейиш мумкин экан. Шу сабабли дарҳол тушунарли бўлмаган, кишини ўйлашга, излашга, мушоҳадага чақирадиган, бизни бир оз «қийнайдиган», кўзимиз ўрганмаган бандлар, мисралар ва тимсолларга истеҳзо билан қарашимиз инсофдан эмас. Зеро, Ўроз Ҳайдарнинг услубидаги бу «қийноқлар» охир-оқибат бизни лаззатга, эстетик ҳузурга олиб келиши шубҳасиз. Унинг сонетларидаги маъюс бир қувонч, завқли изтироб қалбингизнинг энг нозик торларини чертиб ўтади. Мана бу сонетга бир эътибор қилинг, у гоҳ булутнинг ортига кириб, ҳарирга ўралган, гоҳ булутни ўз ортидан эргаштириб ярақлаётган тўлин ойнинг жамолига ўхшайди:

 

Бир аёл олисга боқар зору зор,

Кўзидан жим томар қуёшнинг изи.

Кўрингай тоғ эмас, бир тошнинг юзи,

Кўклам шабадаси завқ бермас зинҳор.

 

У бахтдан яриммас, суйган ёри бор,

Бор шунқор ўғлони, бир дилбар қизи.

Зуҳродан мунаввар толе юлдузи,

Аммо тоғ ортида чорлар бир диёр.

 

Баъзан уйқусида тўлғонади жим,

Тушида онасин рўмоли ғижим,

Отасин чалғиси учар – оқчарлоқ,

 

Кенгликлар силкиниб, титраб йиғлар сой,

Қизалоқ кафтидан тўкилар тупроқ,

Оппоқ ўтов бўлиб кўринади Ой…

Агар эътибор берсангиз, бу сонетда ифода воситаси бўлиб хизмат қиладиган хатти-ҳаракатни англатувчи сўзлардан кўра аниқ номлар кўп учрайди. Улар беш сезги билан идрок этиладиган жонли ва жонсиз, одамий ва оламий моддий нарсаларнинг номлари: аёл, кўз, қуёш, из, тоғ, тош, ёр, ўғил, қиз, юлдуз, Зуҳро, диёр, она, рўмол, ота, чалғи, оқчарлоқ, сой, қизалоқ, кафт, тупроқ, ўтов, Ой. Ўн тўрт сатрли шеърда шунча моддий нарса! Лекин, ажабо, улар бўртиб кўзга ташлансалар ҳам, сиз бирор бир ўринда гўзалликнинг ичидан туртиб чиққан хунукликни, назокатга путур етказган қўполликни, моддиятга хос дағалликни сезмайсиз – хўрсиниқнинг тиниқ оҳанги бузилмайди, ташқи нарсалар сизнинг ички ҳиссиётингизга айланиб кетади. Ғоятда мураккаб бўлган бу оддийлик қандай рўй берди? Буни Ўроз Ҳайдар ҳам, мен ҳам, сиз ҳам айтиб беролмаймиз. У – истеъдод деб аталган илоҳий қудратнинг, илҳом деб аталган мўъжизанинг иши.

Энди сонетдаги «кўз ўрганмаган» ташбеҳларга – истиора ва ўхшатишларга назар солинг: томаётган кўзёш – қуёшнинг изи; сермалган чалғи – учаётган оқчарлоқ; кенгликлар елкалари титраб йиғлаётган аёл билан бирга силкинади; Ой қизалоққа айланган аёлнинг болалиги ўтган оқ ўтов… Илғасангиз, нарсалар эмас, уларнинг моҳиятини англатган ташбеҳлар манзара яратаяпти.

Айни пайтда ушбу қалб манзарасида нафақат мураккаб шакл устидан эришилган шоирона ғалабани, балки сонет фалсафаси қонунининг тўлиқ бажарилганини – бандларнинг ички диалектик алоқадорлиги асосида вужудга келган мазмун яхлитлигини ҳам кўрамиз. Биринчи катрен – тезис: қайғуни ифодалайди (олисга зор-зор боққан аёл соғинчи; унинг кўзёши ичига жойланган қуёш томчилаб ерга тушяпти; тоғ – улуғворлигини йўқотган улкан тошдевор; кўклам шабадасининг куз изғиринидан фарқи йўқ). Иккинчи катрен – аксилтезис: қувончни ифодалайди (аёлнинг бахти бутун, суйган ёри, шунқор ўғли, дилбар қизи, мунаввар толе юлдузи, тоғ ортида ота юрти бор). Терцетлар – синтез: уларда қайғу билан қувончнинг диалектик уйғунлиги акс этган (аёлнинг тушида онаси соғинчдан паришонхотир, қизим бахтлимикан, деб кўнгли ғаш, шундан ғижимланган рўмолига эътибор ҳам бермайди; отаси эса – эркак киши, паҳлавон, соғинчини меҳнат билан босади: чалғисини ҳар сермаганида унинг кўкка кўтарилган тиғи ялтираб, худди оқчарлоқ учаётгандек таассурот уйғотади; бахтли аёлни соғинч йиғлатади, қизалоқлиги кечган жойлар эсига тушади – Ой унинг оппоқ ўтови: гўзал ва олис…). Шундай қилиб, синтезда аёл зотининг маъюсона бахтдан иборат абадий ўзгармас қисмати акс этади; қуёш билан бошланган сонет ой билан якун топади; сонет деб аталган шаффоф томчида инсон руҳининг бутун бир дунёсини кўришимиз мумкин. Мана шу Ўроз Ҳайдарнинг шоирлиги!

Мен Ўроз Ҳайдарни кўкларга кўтариб мақтамоқчи эмасман. Бунинг кераги ҳам йўқ, у – китобхоннинг иши. Мен фақат шеърият деган мамлакатда сонетнинг оғир юкини кўтара олган, иродага йўғрилган ўжар истеъдодга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, холос. Ҳақиқий сонет учун ташаккур, Ўрозжон!

Тўйтепа,

2011

[1] Краткая литературная энциклопедия. Т. 7. Изд-во «Советская энциклопедия», М., 1972. С. 67.

[2] Западно-Европейский сонет. Л., Изд-во ЛГУ, 1988. С. 4.

[3] Қаранг: Уотт У. М., Какиа П. Мусульманская Испания. М., «Наука», 1976. С. 61.

[4] Қаранг: Ўша китоб, С. 4.

[5] Кўчирма «Западно-Европейский сонет» китобининг 22-бетидан олинди.

[6] Краткая литературная энциклопедия. Т. 7. С. 915.

[7] Усмон Носир. Танланган асарлар. Икки томлик. I том. Т., Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1969. 169–бет.

[8] Муҳаммад Али. Севсам, севилсам. . Т., Ғафур Ғулом номидаги  Адабиёт ва санъат нашриёти, 1983. 234 – 237-бетлар.

[9] Рауф Парфи. Сабр дарахти. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. 168, 172 – 173, 178-бетлар.

[10] Александр Файнберг. Вольные сонеты. Т., «Ёш гвардия», 1990. С. 5.

[11]  Александр Файнберг. Невод. Т., Изд-во литературы и искусства им. Г. Гуляма, 1986. С.303.

[12] Поэзия английского романтизма. М., ИХЛ, 1975. С.618.

[13] Западно-Европейский сонет. Л., Изд-во ЛГУ, 1988. С.22.

[14] Қаранг: The works of Shakespeare. In four volumes. Volume III. Co-operative publishing society of foreign workers in USSR. Moskov, 1937. P. 725–791; 809–815.

[15] Қаранг: Иван Франко. Сочинения в 10 т. Т.7. М., ГИХЛ, 1958. С.134.

[16] Мазкур мақола Ўроз Ҳайдарнинг шу номдаги китобига сўз боши тарзида ёзилган. (А.Шер)

ИЖОДКОР

Ҳар жиҳатдан етук, гўзал санъат асарини илк бора кўрганимизда, эшитганимизда ёки ўқиганимизда: «Зўр! Ноёб ҳодиса!» деймиз. Дарҳақиқат, ноёб асар – ноёб ҳодиса. Айнан ҳодиса: У ижодкор деб аталган ноёб моҳиятнинг ҳодисаси. «Шоир бўлиш учун шоир бўлиб туғилиш керак», деган қадимий ҳикмат бор. У барча санъаткорларга тааллуқли: бастакор бўлиш учун бастакор бўлиб туғилиш керак, актёр бўлиш учун актёр бўлиб туғилиш керак ва ҳоказо. Демак, санъаткорлик туғма хусусият, ҳар бир санъаткор ўз замони учун алоҳида ноёб воқеликдир. Унга берилган истеъдод эса – илоҳий инъом. Ёвузлик салтанати деб аталган шўролар тузуми ижодкорнинг илоҳий, ғайритабиий хусусиятларга эгалигини инкор этган ҳолда, уни ҳамма қатори «совет кишиси» ҳисоблар ва кўпроқ у яратган асар тўғрисида фикр юритишни талаб қилар эди. Бу ҳақда умрининг асосий қисмини ўша даврда яшаб ўтказган улкан ўзбек адиби Асқад Мухтор шундай деган эди: «Бизнинг даҳшатли цивилизациямиздан ташқари ҳамма замонларда шоир ва шеърий сўзнинг нечукдир ғайритабиий бир илоҳий куч билан боғлиқлигини тан олганлар»[1].

Дарҳақиқат, энг қадимги даврлардан бошлаб, ижодкор Осмон билан Ерни, Ёруғлик билан Зулматни боғлаб турувчи фазилат эгаси (даочилар), маъбудлар билан одамлар орасидаги воситачи (қадимги ҳиндлар) сифатида талқин қилинган ва қадрланган. Демак, санъаткор шахсининг фавқулодда ҳодиса эканини эътироф этиш, унинг ҳамма қатори эмаслиги ва бунинг сабабларини ўрганиш нафосат фалсафаси учун ниҳоятда муҳим. Ҳолбуки, бизда «танқидчи ва адабиётшунослар асосан асар ҳақида гапирадилар. Ёзувчи ҳақида эса…

Ваҳоланки, асар ёзувчидан униб чиқади; фарзандидай унда туғилади, улғаяди, камол топади; у фарзандини авайлайди; ҳимоя қилади. Асар – ёзувчининг тақдири; керак бўлганда ёзувчи қурбон бўлишга ҳам тайёр. Унинг бу ғайритабиий садоқати, ёзмасдан туролмаслиги, руҳиятга, фалсафага, мушоҳадага мойиллиги, шахси ва ўзгаларнинг шахси билан бирикиб кетган асари – унинг субъекти. У бошқа ишда ҳам ишлаши мумкин (ёзувчи ҳеч қачон бадавлат бўлмаган), аммо унинг моҳияти, эҳтироси – ижод. Қобилияти қанча катта бўлса, шунча катта куч сарф қилади. У – беихтиёр фидойи; ҳам бахтиёр, ҳам бахтсиз – бу унинг иродасига боғлиқ эмас»[2].

Бу кўчирмаларни кетма-кет келтиришимиздан мақсад шуки, биз ҳозир ҳам, афсуски, кўп ҳолларда шўролар даври эстетикаси йўналишида фикрлаймиз, ҳали ҳам ўша-ўша: санъаткорнинг – истисно эканини, бошқаларга ўхшамаслигини эътироф этишдан чўчиймиз, ўзимиз ўрганиб қолган «оға-китоблар»даги «Буржуазия эстетиклари кўпинча санъаткорни истисноли шахс сифатида олиб қарайдилар» деган «танқиди»ни рад этолмаймиз[3].

Бугун мустақилликка эришганимизга ўн олти йил бўлди, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан қарамликдан аллақачон қутилганмиз, лекин, афсуски, тафаккур қуллигидан қутилиш ниҳоятда қийин кечмоқда. Шу ўринда: «Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан ҳам кўра даҳшатлироқдир», деганида Президент Ислом Каримов нақадар ҳақ эканини вақт тасдиқлаб турганини кўришимиз мумкин[4].

Шундай қилиб, ижодкор «ҳамма қатори» эмас, истисноли шахс. Хўш, унинг нимаси истисноли? Бу саволга ҳеч ким тўлиқ жавоб бера олган эмас. Табиийки, бизнинг жавобимиз, яъни мулоҳазаларимиз, фикрларимиз ва хулосалармиз ҳам нисбий, улкан муаммонинг кичкина бир томонинигина ёритиши мумкин, холос.

Аввало шуни айтиш керакки, санъаткор шахси ўзига хос, алоҳида руҳий тип. Уни ўрганиш – нафосатшунослик ва руҳшуносликнинг йирик муаммоларидан бири. У ижод қилаётган пайтида қандайдир норационал, ақл воситасида тушуниб бўлмайдиган ҳолатга, ўзини ўзи эмас, бошқа нимадир бошқарадиган жараёнга киради, ўзини замон ва маконнинг ҳукмдоридек ҳис этади. Бу ҳолатни зикрга берилган дарвишнинг «ҳол» мақомигагина ўхшатиш мумкин. Уни одатда илҳом деб аташади. Ана шу пайтда санъаткор одамликдан, малак сийратли ғаройиб жонзотга айланади, Афлотун айтганидек, илоҳийлик билан боғланади, илоҳий вақт доирасига тушади. Натижада унинг асарида бўлган ва бўлаётган воқеалар билан бирга бўладиган воқеликлар ҳам ўз аксини топади. Фирдавсий «Шоҳнома»да Жамшидга жаҳон воқеаларини кўрсатадиган кўзгу (телеэкран) тутқазади, Алексей Толстойнинг инженер Гарини «ўзидан» салкам ярим аср кейин кашф этиладиган лазер қуролини ясайди, Жюль Верн ўзи кўрмаган мамлакатлар табиатини ўша мамлакатлар ёзувчилари ва олимларидан аниқроқ тасвирлаб беради.

Фақат бугина эмас. Санъаткор, Асқад Мухтор айтганидек, фидойи инсон. Бу фидойилик унга қимматга тушади. Унинг ғоялари кўп ҳолларда замонга сиғмайди, натижада у замон билан курашади, миллатни, инсониятни янги, ўз замонасидан яхшироқ замонга чақириб яшайди ва бахтини шунда кўради. Тўғри, у ҳам бадавлат, ҳузур-ҳаловатда яшашни хоҳлайди, лекин унга берилган истеъдод уни ўз йўлига солади, инсон бахти учун, инсон эрки учун курашга чақиради ва у Низомийга, Навоийга, Шекспирга, Байронга, Пушкинга, Абдулла Қодирийга айланади.

Шу ўринда Навоийнинг бир асарига эътибор қилайлик, унга кўпчилик буюк шоирнинг шунчаки рассомлик борасидаги машқи деб қарайди. У «Занжирбанд шер» асари. Ундаги шер қафасда эмас, очиқ ҳавода, лекин боғланган. Темир халқалардан иборат занжир – замон, турмуш, сарой талаблари ва ҳ.к. Занжирбанд шер эса – Навоий. Ҳозирча у занжирбанд, замонга боғланган, лекин тезда занжирни узади ва нафақат ўзи олға кетади, балки замонини ҳам бир қанча масофа олдинга тортиб боради, инсониятни янги замон томон яқинлаштиради. Бу яқинлашув нореал воқелик эмас, уни инсон тафаккурининг юксалишида кўриш мумкин: Навоийни ўқиган одам янгиланмай, янги ғоялар билан бойимай қолмайди. Баъзилар учун ўнг қўл вазирлик лавозимидан бош тортиш, мол-дунё, обрў-эътибор билан қизиқмаслик, иложи борича саройдан узоқ юришга интилиш ақлдан эмасдек туюлади. Навоий эса ҳаммасини гоҳ одамлар тушуниб-тушунмайдиган шеър деб аталган нарсага алмаштирди, ижод изтиробларини олий неъмат деб билди. Ҳақиқий санъаткор шундай яшайди: фидойилик унинг яшаш шарти. Шу сабабли санъаткор тили билан Вақт доирасидан чиқиб кетган Замон, Тарих, Мутлақлик бизни Эзгулик, Гўзаллик ва Ҳақиқатга чақиради.

Ижодкор шахсининг руҳий тип сифатидаги мураккаблиги шундаки, унда бир эмас, икки Мен яшайди. Биринчиси, ташқаридан қараганда кўзга ташланадиган, сиз билан бизнинг орамизда юрадиган, жамият қонун-қоидалари, миллий урф-одатлар, оилавий ёки касбий шарт-шароитлар мезонлари билан, тўлиқ бўлмаса-да, маълум маънода ўлчанадиган ва баҳоланадиган Мен. Иккинчиси – ҳеч қайси қонун-қоидани тан олмайдиган ички – ботиний Мен, уни юқоридаги мезонлар билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди. Биринчи Мен ҳамма одамларга хос. Иккинчи Мен эса фақат ижодкорда мавжуд бўлади. У кўзга ташланмаган, лекин ҳис этилган ҳолда санъаткорнинг қиёфасини белгилаб беради. Руҳий таҳлил фалсафасининг буюк намояндаларидан бири Карл Юнг санъаткорни тупроққа, унинг асарини гулга ўхшатади. Биз гулда тупроқнинг шаклини ҳам, тузилишини ҳам кўрмаймиз. Бу ўринда Юнг санъаткор билан санъат асарини айнанлаштириш керак эмас, демоқчи. Яъни, уларнинг боғлиқлиги беихтиёр тарзда амалга ошади: ҳақиқий санъат намунасида ижодкорнинг айтгани эмас, бадиий асарнинг «айтгани-айтган, дегани-деган» бўлади. Лекин, айни пайтда кўзимиз илғай олмайдиган жараёнлар натижасида тупроқ уруққа ҳозиргача ҳеч қайси биолог очиб беролмаган ўз хоссаларини ўтказади, шулар туфайли уруғ кўкаради, озиқланади, вегетация даврини бошдан кечиради ва гуллайди. Яъни гул ва унинг ранглари, шакли бизга мустақил бўлиб кўринса-да, аслида улар биз кўролмайдиган тупроқ моҳиятининг ўзига хос намоён бўлишидир. Санъаткорнинг иккинчи Менини худди ана шу тупроққа қиёслаш мумкин, ташқи оламга бўйсунмайдиган, ўжар ва ҳукмрон ўша Мен унинг моҳиятини ташкил этади, асарнинг дунёга келишини асосан ўша Мен таъминлайди. Санъаткордаги биринчи ва иккинчи Мен курашида иккинчиси доимо ғолиб чиқади. Бироқ бу курашга ташқаридан дейлик, жамият, замон, сиёсий тузум томонидан аралашув рўй бериб, биринчи Мен ғолиб бўлса, у ҳолда вужудга келган бадиий асар ҳеч қачон санъат намунасига айланмайди. Мазкур аралашув, шубҳасиз, ижодкорнинг «ихтиёри» билан амалга ошади. Лекин бу ихтиёр ҳеч қачон эркин бўлолмайди; унда қўрқув, ҳадик, илинж, ружу сингари салбий ҳиссиётлар талаб даражасига кўтарилиб, эркинликни ихтиёрдан ажратиб ташлайди. Натижада эркинликдан маҳрум бўлган ихтиёр, яъни мажбурият остида яратилган асар муаллифни ҳам, идрок этувчини ҳам қониқтирмайди, ҳаққонийликдан йироқ, сохталик намунасига айланади. Бундай асарлар тоталитар ёки авторитар тузумларда эстетик идеаллар ўрнини мафкуравий идеаллар эгаллаши туфайли пайдо бўлади; давр ўз гапига кўнмаганларни қатағон қилади, кўнганларни эса «тириклай еб битиради», яъни катта истеъдодлар ҳам ўзидаги атом қувватини, Абдулла Қаҳҳор айтганидек, бор-йўғи ўтин ёришга сарфлайдилар, охир-оқибатда бутун бир давр санъати равнаққа қараб эмас, балки таназзулга қараб тараққий топади. Бунга шўролар ёки фашизм даври санъаткорларининг фожиавий қисмати мисол бўла олади. Шу ўринда яна Асқад Мухторга мурожаат қилишга тўғри келади. У ўзи яшаган ўша давр ва ўша давр санъатидаги истеъдодли ижодкорлар ҳақида шундай дейди:

 

«Сизиф афсонасини биласиз, «абадий харсанг»ни ҳам биласиз.

Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида «чўққи»да юмалатди.

 

Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан «Аҳволингиз қалай?», деб сўраганларида «Максимально горько!» деб жавоб берган экан»[5].

Таассуфки, бу ижодкорлар тузум тазйиқи остида ўзларининг моҳияти бўлмиш иккинчи Менни кўмиб ташлашга мажбур бўлдилар.

Санъаткор шахси ҳақида гапирганда, унинг меҳнатига алоҳида эътибор бермоқ лозим, у том маънодаги қора меҳнат, санъаткор эса бир умрга тиним билмайдиган меҳнаткаш. Барча касб эгаларида меҳнат таътили бор, улар саёҳатларга чиқиши, бирор жойда ёки уйда дам олишлари мумкин. Ижодкорда таътил йўқ, саёҳатда ҳам, уйида ҳам барибир ишлайверади, энг қизиғи, буни у ўз эркин ихтиёри билан қилади, унинг таржимаи ҳоли истеъдод ва меҳнатдан иборат, унинг маҳорати истеъдод ва меҳнатнинг уйғунлигидан вужудга келади. Масалан, улкан мусаввиримиз Раҳим Аҳмедовнинг «Тонг» («Оналик») асарини томоша қилиб, бир муддат ўша тонг қўйнидаги далада, ёғоч каровотда яшагандек бўламиз, ром ичига қандай қилиб кириб кетганимизни билмай қоламиз, ромдан қайтиб чиққанимизда эса, ижодкорнинг юксак маҳоратидан ҳайратга тушамиз. Лекин шу бизнинг бир муддат ҳайратланишимиз учун рассом ойлаб мольберт олдида ҳам, ундан ташқарида ҳам тонгларни бедор кутиб олганини афсуски, тасаввур қилолмаймиз. Аммо санъаткор ўзининг меҳнати оғирлигидан нолимайди, бизга арз ҳам қилмайди, у ўзини бир умр гулхандек ёқиб яшайди. Буни улуғ олмон ёзувчиси Томас Манн шундай таърифлайди: «Санъаткор ўзига жуда кўп ўтин талаб қиладиган гулхан, ижодий ёниш унга янада каттароқ бахт бағишлайди, лекин уни янада тезроқ ёндириб тугатади»[6]. Аслида санъаткорнинг ҳақиқий таржимаи ҳоли шундан иборат бўлади.

Ижодкор шахсининг алоҳида руҳий тип сифатидаги яна бир ўзига хослиги унинг ёлғизлиги, у оила билан яшаганда ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилади, иложи борича ўзини одамлардан олиб қочишга интилади. Бундай ҳодиса оддий одамларда ўз Менидан йироқлашишни, тушкунликни, невроз ҳолатини пайдо қилади. Санъаткор учун эса бу ихтиёрий ҳодиса, ижоднинг шарти. У айнан мана шу ёлғизликда ўзининг моҳияти – иккинчи Мени билан топишади. Айни пайтда бу Мен гўё ижодкорнинг вужудидан узилиб чиққандек, асар қаҳрамонлари билан бирга, уларга ўзини қиёслаб яшайди ва кўриниб турган Меннинг хатти-ҳаракатларини бошқариб туради. Уни руҳий таҳлилчилар онгланмаганлик деб атайдилар. Шундай қилиб, ҳақиқий бадиий асарда онгланганликдан кўра онгланмаганлик, кўзга кўриниб турган Мендан кўринмайдиган Мен кўпроқ ўзини намоён этади.

Бироқ санъаткор шахсини фақат онгланмаганлик – ички Мен билан боғлаб қўйиш мумкин эмас. Унинг устуворлигини тан олган ҳолда, ижодкор учун ташқи омилларнинг ҳам аҳамияти борлигини эътироф этиш лозим. Зеро, ижодкор руҳиятидаги онгланмаганликнинг фаолияти ижодкор яшаётган жамиятни янада яхшилашга, гўзаллаштиришга қаратилган. Шу сабабли санъаткор ҳеч қачон ўз замонини (у яхшими, ёмонми) назардан қочирмайди. Нафақат замонавий асар яратганида, балки тарихий ёки хаёлий мавзуга қўл урганида ҳам, яъни, кечмишдан ёки келажакдан туриб, ўз замонасига таъсир кўрсатишга, унинг муаммоларини рамзийлик орқали, билвосита ўртага ташлашга ҳаракат қилади. Бу санъаткор руҳида майлпарастликнинг оддий одамларникига қараганда кучлироқ бўлишини, унинг ўзи истаса-истамаса кескин ғоявийлашган, мафкуравийлашган шахс сифатида иш кўришини таъкидлаб туради. Гап фақат санъаткорнинг қайси мафкурани танлаши ва тарғиб қилишига боғлиқ. Агар у ўз ғояларига инсонпарпарварлик мафкурасини асос қилиб олса (Навоий, Моцарт, Толстой, Пикассо в.б.), унинг асарлари бутун инсоният ва барча замонлар учун «яроқли», керакли бўлиб яшайди. Бордию санъаткорнинг мафкуравийлиги обрўпарастлик (авторитарлик) ғоялари билан чекланса, унинг асари фақат ўша давр ва обрў эгасининг (доҳийнинг) умридан узоқ яшамайди. Шу жиҳатдан санъатшунос Т. Бачелиснинг «ХХ аср санъатида Ҳамлет қиёфаси» деган мақоласи эътиборга сазовор. Муаллиф Оврўпа театрларида Иккинчи жаҳон уруши олдидан ва ундан кейин ўйналган Ҳамлет ролларининг давр ҳамда мафкуравийлик билан боғлиқ жиҳатларини таҳлил қилиб, истеъдодли, машҳур олмон актёри Густав Грюндгенс Берлин театрида 1936 йили яратган Ҳамлет қиёфасини фотосурат орқали шундай тасвирлайди: «…мана, 1936 йилги фотосуратдан бизга Ҳамлет – Грюндгенс тикилиб турибди: аскарнинг тунд нигоҳи Йорик бошчаноғини очиқчасига, салкам профессионал қизиқишини яширмай кузатмоқда. Ҳамлетнинг бош кийимини тушуниб бўлмайди, у ўрта асрлар дубулғаси билан эсэсчи каскасига ўхшаш нарса. Грюндгенс қон тўкишга тайёр турган Ҳамлет ролини ўйнамоқда эди. Фашистлар Олмонияси уруш очишга тайёргарлик кўрарди, Ҳамлет – Грюндгенс унинг қудратидан маст бўлиб, ёвузлик гўзаллигини намойишкорона ва жўшиб қўллаб-қувватлаган эди»[7]. Бу – буюк актёрнинг санъатни хор қилиши, «атом кучини ўтин ёришга сарфлаши» эди. Афсуски, бундай ҳодисалар ягона эмас. Демак, санъаткордаги «Худо берган нарсани» асраб қолиш ва ўз ўрнида ишлатишда у яшаётган замоннинг, тузумнинг аҳамияти катта.

Катта санъаткорларда бунинг акси ҳам тез-тез учраб туради: ўз даврининг граждан-одамини санъаткор-одам енгиб чиқади. Масалан, улуғ рус рассоми В.Верешчагин санъат талаби билан Грюндгенс қилолмаган ишни амалга ошира билди. Чунончи, Верешчагиннинг «Урушнинг тантанали қўшиғи» асарида жангдан кейинги манзара акс этган: бош чаноқларининг улкан уюми; атрофда жингиртоб бўлиб кетган япроқсиз дарахтлар, жанг майдонидан сал нарида ярим хароба қалъа, минора, уйлар ғира-шира кўзга ташланади; бошчаноқлар устида қузғунлар тантанаси, қузғунлар мовий уфқдан чиқиб келмоқда, улар худди саноқсиздек; жазирама, даҳшатли кимсасизлик, фақат қузғунлар, қузғунлар, қузғунлар… Уюлган кала суяклари қузғунлардан кўп, лекин сизга қузғунлар кўпдек туюлади. Верешчагин шахс сифатида рус улуғдавлатчилик шовинизмига муккасидан кетган, бешафқат инсон эди. У бу асарни дастлаб «Темурланг тантанаси» деб номлади, кейин асарни ҳозирги номи билан атади. У мольберт олдига келганида ўзининг кичкинагина «ғолиб рус кишиси» эканини унутиб қўяр ва буюк инсонпарвар рассомга айланар эди. Бу асарда ҳам шундай бўлди. Асар жойланган ромга у ўз қўли билан: «Ўтган, ҳозирги ва келажакдаги барча улуғ фотиҳларга бағишланади» деб ёзиб қўяди. Бунда дастлабки шовинистик ноинсоний ғояни умуминсоний ғоя енгганини кўрамиз. «Урушнинг тантанали қўшиғи» барча босқинчилик урушларига, шу жумладан «Улуғ Россия граждани» сифатида ўзи қўллаб-қувватлаган Россиянинг Туркистондаги босқинчилик урушига ҳам лаънат қўшиғи бўлиб абадий янграб туради. Бу ҳодисада биз, юқорида айтганимиздек, санъаткор – бешафқат одам устидан, санъат – шовинизм ғояси устидан ғалаба қозонганини яққол кўрамиз. Бундай ҳолатлар асл санъат ва асл санъаткорлар ҳаётида тез-тез учрайдиган ҳодисалардир.

Ҳозиргина биз «Худо берган нарса» деганимиз ёки умумий тарзда истеъдод деб аталадиган илоҳий инъом аслида ҳеч қачон ҳаммада бир хил бўлмайди. Одатда унинг уч даражаси ҳақида фикр юритилади: 1) қобилият; 2) истеъдод; 3) даҳо. Биз ҳам уларни шу тартибда кўриб чиқамиз.

Бадиий қобилиятга эга ижодкор мазмунни тегишли шаклга сола билади, бадиий усуллардан – мажозийликнинг кўпгина кўринишларидан ўринли фойдалана олади, асар тузилмасининг етарли даражадаги пухталигини таъминлайди, ўз замонасининг муҳим муаммоларини бадиий қиёфалар орқали ўртага ташлайди, замон, тузум нимани талаб қилса, лаббай деб жавоб беради. У яратган асар дастлаб шов-шувга ҳам сабаб бўлиши, ўн-ўн беш, ҳатто ўттиз-қирқ йил «умр кечириши» мумкин. Бироқ кейин у тарихга айланади. Масалан, Иброҳим Раҳимнинг «Ҳилола» қиссаси ўз вақтида шов-шув қозонди, бир неча бор нашр қилинди, лекин у ҳозир мутахассислардан бошқа деярли ҳеч кимни қизиқтирмайди. Чунки у ўз замонаси билан бирга яшаб, ўша замон билан бирга жамиятдан ортда қолиб кетди. Ижодкорлар ичида ана шундай бадиий қобилият эгалари кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг асосий хусусияти ёмон ҳам, яхши ҳам деб бўлмайдиган, ўртамиёна асар яратишга қобиллиги, ўз жамиятининг ўртача эстетик эҳтиёжини қондиришга тез мослаша олиши билан белгиланади.

Даражалар пиллапоясидаги иккинчи ўринда истеъдод эгалари туради. Улар ижодкорлар орасида озчилик бўлганлари ҳолда, ўз даври санъатининг асосий йўналишини белгилаб берадилар. Улар бир-биридан ўзига хослиги билан кескин ажралиб турадилар: истеъдодли ижодкор доимо ўз тилига, ўз услубига, ўз овозига эга бўлади, у яратган асар ўз замонаси учун ҳам, кейинги даврлар учун ҳам эскирмайди. Масалан, Шуҳрат Аббосовнинг «Маҳаллада дув-дув гап» фильмини олиб кўрайлик. Унда кўтарилган муаммолар, қаҳрамонларнинг яшаш тарзи, «совет воқелиги» эскирган. Лекин ундаги инсоний муносабатларнинг умуминсоний ахлоқий-эстетик ғоялар сифатида ўртага ташланганлиги, монтаждаги янгиликлар, режиссёрнинг юксак маҳорати, актёрлар ижросининг табиийлиги, асар ижодкорларининг «мафкуравий ҳудуд»ни ёриб чиқа билганликлари, том маънодаги халқчиликка эриша олганликлари биз учун доимо янги. Биз унда ҳар гал «эскирмайдиган эскиликни», «бугуннинг умри билан яшаётган кечмишни», кечаги оналаримиз, акаларимиз ва опаларимизнинг жонли қиёфаларини кўрамиз, қадриятларимиз улуғланган, эстетик қадриятга айланган бадиий асар билан учрашамиз. «Кечаги ва бугунги ўзимиздан» мириқиб куламиз, қалбларимиз фориғланади. Хуллас, «Маҳаллада дув-дув гап» филми ҳақиқий истеъдод эгалари яратган асар, у бизни доимо қизиқтира олади, бизга эстетик завқ бериб, янгича яшашга чорлаб туради. Бир сўз билан айтганда, Шуҳрат Аббосовнинг истеъдоди ва маҳорати кеча билан бугун ўртасида бадиий кўприк ярата олган.

Энг юксак даражадаги санъаткорни биз даҳо деб атаймиз. Даҳо санъаткорлар камдан-кам учрайди. Даҳоларни замондан юксак қўйишади, зеро, бутун бошли тарихий даврдан кўра бир шахс инсоният учун қимматлироқ бўлиши, кўпроқ фойда етказиши мумкин. Лекин унинг дунёга келиши замондан ташқарида рўй бермайди, аксинча, биз тушуниб етолмайдиган қонуниятлар асосида даврнинг истаги билан пайдо бўлади. Давр – даҳо учун уруғ вазифасини ўтайди, шу уруғдан мангу ям-яшил улкан дарахт ўсиб чиқади, дарахт юксалади, давр эса қуйида қолади. Қадимги хитойликлар даҳони табиатни тасвирлайдиган инсон эмас, балки ўзи табиат бўлган мавжудот, каромат эгаси сифатида баҳолаганлар. Даҳо, бу – Нитцше таърифлаган ало одам, қонунларни бузиб, ўзи янги қонунлар яратадиган, одамдан баланд даражадаги одам. Дени Дидро ўзининг «Даҳо» мақоласида шундай дейди: «Санъатда, фанда ва амалий фаолиятда даҳо, айтиш мумкинки, нарсаларнинг асл табиатини ўзгартиради; унинг ўзига хослиги нимагаки қўл урса, ўша нарсаларнинг ҳаммасига кўчиб ўтади, унинг билими кечмиш билан бугуннинг ҳудудини ортда қолдириб, келажакни нурлантириб туради; у ўз асридан илгарилаб кетади ва асри уни қувиб етишга ожизлик қилади…»[8].

Лекин бошқа бир гуруҳ мутафаккирлар санъаткор даҳосини руҳшунослик нуқтаи назаридан тадқиқ қиладиган ва уни инсоннинг носоғлом руҳий ҳолати сифатида таърифлайдилар. Афлотун, Демокрит ва Арастудан тортиб, Паскалгача даҳоликни телбалик билан чегараланишини таъкидлайдилар Афлотун ҳатто алаҳсирашни маъбудлар бизга туҳфа қилган илоҳий неъмат деб атайди. Оврўпанинг машҳур руҳшуносларидан бири Чезаре Ломброзо (1835–1909) ўзининг «Даҳолик ва телбалик» китобида бу масалани атрофлича очиб беришга ҳаракат қилади. Ундан кейин Зигмунд Фройд ва фройдчилар бу масалага руҳий таҳлил усули билан ёндашиб, маълум маънода Ломброзо хулосаларини тасдиқладилар. Улар нафақат даҳолар, балки барча истеъдодли санъаткорларда невроз, умуман, руҳий хасталик моҳият тарзида мавжудлигини, лекин улар бу дардни бадиий асарга ўтказиб юбориш орқали ўзларининг соғломлигини сақлаб қолишларини, лекин бу соғломлик бошқаларникидан фарқланишини чуқур илмий ва амалий асосда исботлаб бердилар. Айни пайтда ўзимизнинг халқона гапимиз ҳам бор: бундай одамларни учратганимизда «шоиртабиат экан», «шоир экан-ку!» деймиз. Бу иборалар аслида олимларнинг фикрларидек «қўпол» эмас, шакли чиройли, лекин моҳият ўша-ўша: гап ҳамма одамдан бошқачароқ, нозиктаъб, «кўриниб турган нарсаларни кўрмайдиган, кўринмайдиган нарсаларни кўрадиган», умум қабул қилинган қоидалардан ташқаридаги, ҳам қойил қолиш, ҳам устидан кулиш мумкин бўлган ноодатий шахс ҳақида боряпти. Хуллас, Демокритнинг, эс-ҳуши жойида одамни мен ҳеч қачон ҳақиқий шоир деб ҳисобламайман, деган сўзлари ҳақиқатга яқин эканини тан олмасдан иложимиз йўқ[9].

Албатта, даҳо санъаткор кўринишидан бошқалардан унчалик фарқ қилмайди. Лекин у ўзга бир олам. Биз оламни ўрганиб, тагига етолмаганимиздек, даҳоларни ҳам ҳеч қачон тўлиқ тушуниб, тўлиқ талқин қилолмаймиз. Даҳо, у – Ҳомерми, Дантеми, Навоийми, Шекспирми, Моцартми, Рафаэлми, Гётеми, Пушкинми, Бетховенми, Чайковскийми – инсоният ҳамма даврларда ўзини кўриш учун мурожаат қиладиган абадий кўзгудир.

Биз, қисқача бўлса-да, ижодкор шахси ва унинг ўзига хос хусусиятларини, истеъдод даражаларини кўриб чиқдик.

[1] Асқад Мухтор. Уйқу қочганда. Т., «Маънавият», 2005, 24-бет.

[2] Асқад Мухтор. Уйқу қочганда. Т., «Маънавият», 2005, 24-бет.

[3] Эстетика. Словарь. С. 390.

[4] Ислом Каримов. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т., «Ўзбекистон», 1999, 85-бет.

[5] Асқад Мухтор. Уйқу қочганда. 10-бет.

[6] Манн Т. Смерть в Венеции. М., 1984. С.104.

[7] Современное Западное искусство. ХХ век. М., «Наука», 1988. С. 133.

[8] Дидро Д. Эстетика и литературная критика. М., ИХЛ, 1980. С. 213.

[9] Қаранг: Ломброзо Ч. Гениальность и помешательства. Минск, «Попурри», 1998. С. 8.

ХАЁЛОТ ОЛАМИНИНГ ИККИ ҚУТБИ

Бу икки тушунча нафосат фалсафасида алоҳида ажралиб туради. Улар орасидаги алоқадорлик, дейлик, гўзаллик ва хунуклик каби, ўзаро  зиддиятга асосланмайди, аксинча, улар бир-бирини тўлдиради, баъзан муайян эстетик яхлитликни ташкил этади. Ҳар иккала хусусиятнинг келиб чиқиши мифларга – асотирларга бориб тақалади.

Ҳозирча мавжуд бўлган асосий эстетик адабиётларда уларга жиддий эътибор берилмаган. Айниқса, мўъжизавийликнинг том маънода камситишга учраганини кўрамиз. Бунинг асосий сабаби шундаки, эстетик хусусият сифатида улар «совет воқелиги»  талабаларига, коммунистик мафкурага тўғри келмасди. Чунки ҳар иккисида ҳам сиёсий тузум ва социалистик жамият томонидан ўрнатилган қонун-қоидалар орқали изоҳлаб бўлмайдиган, уларга бўйсунмайдиган сирли, сеҳрли ҳодисалар акс этарди. Табиийки, бу ҳодисалар маълум  маънода совет  кишиси учун юқоридан ўрнатилган ижтимоий-сиёсий эркинлик чегарасини, эркин фикрлаш миқёсини кенгайтиришга хизмат қиларди. Шу сабабли мўъжизавийликка  кўпроқ ўтмишдаги халқ оғзаки ижоди намуналарига, хусусан, эртаклар ва достонларга  таалуқли эстетик хусусият сифатида қараш қонунлаштирилган эди. Дарҳақиқат, у халқ этаклари ва достонларида ўзининг энг кўп ва ранг-баранг ифодасини топган. Масалан, «Гўрўғли» туркуми достонларидаги бахт маскани – Чамбил шаҳри, Гўрўғлининг афсонавий Кўҳи Қоф ва Боғи Ирамдан гўзаллик тимсоли бўлмиш Оға Юнус ва Мисқол париларни олиб келиши ва уларга уйланиши, Ғиротнинг қанотли тулпор экани каби ҳодисалар, қаҳрамонларнинг мўъжизавий келбатга, қудратга эга одамлар тарзида тасвирланиши каби ҳолатлар шулар жумласидан.

Мўъжизавийлик нафосат фалсафасида мўъжизанинг асар қаҳрамонлари ҳаётини гўзаллаштирувчи, улуғворлаштирувчи омилга айлантириши, санъат асарини идрок этувчида бадиий қиёфаларнинг фавқулодда ғалабасига ҳавас уйғотадиган тақдир эгаси сифатида тасвирланишини таъминлайди ва фақат бадиий мантиқ доирасидагина ўзини намоён этади. У ҳам диний, ҳам дунёвий табиатга эга мўъжизага асосланади. Диний мўъжиза моҳиятан муқаддас китобларда, илоҳий ривоятларда Худонинг ва азиз-авлиёларнинг қудратини бевосита акс эттирадиган кароматлардир. Бундай каромат фақат диний-бадиий асарда, бадиий қиёфалар воситасидагина мўъжизавийликка айланади, у бошқа ҳолатларда эса, фақат эътиқодий даъватни амалга ошириш учун хизмат қиладиган, ғайритабиий мисоллар бўлиб қолаверади. Дунёвий мўъжиза кароматга эмас, илоҳий аралашувларсиз, воқеликдаги яширин имкониятларни хаёлий идеалга мос тарзда очиб берадиган сеҳрга асосланади. Бироқ сеҳр ижодий табиатга эга бўлгандагина, юксак инсоний орзу-умидларга хизмат қилгандагина мўъжиза деб эътироф этилади ва мўъжизавийликка асос бўлади, аксинча эса, у жодугарлик сифатида тубанлик доирасига киради.

Мўъжиза тушунчаси дастлаб Қадимги Шарқда вужудга келган, табиийки, мўъжизавийлик ҳам илк бор Шарқ санъатида ўзини намоён қилган. Чунончи, қадимги Сомир муҳрларида акс этган қанотли аждарҳолар устида турган эркак билан аёл, етти бошли аждарҳони ўлдираётган паҳлавон, қуш-одам, одам-арслон тасвирларида, Қадимги Миср маъбудаларининг қиёфаларида мўъжизавийлик ифодасини кўриш мумкин. Бироқ Шеллинг мўъжизавийликни фақат эътиқодий ҳодиса сирасига киритади: «каромат тушунчасидан мўъжиза тушунчасини ажратиб бўлмайди», деган фикрни билдиради ва мўъжизанинг вужудга келишини Шарқ тафаккуридаги бутун оламни ўзи учун хаёлот дунёси даражасига кўтариш мақсадида доимо чекланмаганликка, ғайритабиийликка бўлган интилиш билан изоҳлайди. Шу боис Ҳомер асарларида мўъжизавийлик йўқлигини айтиб, у «мўъжизавийлик тарихий нуқтаи назардан насронийликнинг ягона мифологик материалидир», деб таъкидлайди[1].

Бу ўринда мўъжизавийликни дастлаб Шарқда вужудга келганлиги тўғрисидаги фикрга қўшимча ҳолда, унинг фақат эътиқодга нисбат берилишини тўғри деб бўлмайди. Чунки, айтиб ўтганимиздек, каромат билан сеҳр бир хил ҳодисалар эмас.

Мўъжизавийлик гўзаллик ва улуғворлик билан мустаҳкам боғлиқ бўлгани ҳолда, айни пайтда улардан муайян тарзда фарқ қилади. Агар гўзаллик бизда хуш кайфият, қувонч ҳиссини, улуғворлик ҳайрат туйғусини уйғотса, мўъжизавийлик ўзининг ноодатийлиги билан маҳлиё қилиш ва қойил қолдириш хусусиятларига эга. Мўъжизавийлик асосига қурилган асарларда ёруғ бир ҳаётбахшлилик мавжуд, бу эса атрофдаги реал ҳаёт нақадар оғир бўлмасин, темир қонунлар ва бешафқат мантиқ – қанчалик одамни ўз исканжасида тутмасин, унда бахтли бўлишга ишонч пайдо қилади, мавжуд реалликдаги кўпгина жиҳатларни ичдан инкор этиш ҳиссини  уйғотади.

Тоталитар тузумлар, жумладан, биздаги шўролар даврида эртаклар, афсоналар халқ достонлари жуда кам яратилди, уларнинг сюжетлари, мавзулари қайси  санъат турларида бўлмасин, кўпроқ ўтмиш билан боғланарди. Замонавий мўъжизавийлик эса совет воқелигининг бир қисми сифатида мафкуравийлаштирилган ҳолда тақдим этиларди. Тўғри, гоҳ-гоҳ истеъдод билан яратилган замонавий асарлар ҳам вужудга келиб қоларди. Масалан, Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» романи ёки Москванинг М.Горкий номидаги Болалар ва ўсмирлар киностудияси маҳсулоти бўлмиш машҳур «Чол  ибн Ҳаттоб» филми шундай муваффақиятли ҳодисалар сирасига киради. Бироқ бундай асарлар, айтилганидек, асосан совет воқелигини улуғлашга хизмат қиларди ва кўпроқ мўъжизавийликнинг кулгилиликка ён бериши, унинг жиддийликдан йироқлашиши билан шартланарди. Натижада улардаги мўъжизавийлик ўз салмоғини, теранлигини  маълум маънода йўқотарди.

Мўъжизавийлик тушунчаси нафосат фалсафасида бошқа маънода ҳам қўлланилади. Шаклан ва мазмунан гўзал, ноёб асар вужудга келганда, уни «мўъжиза» деб аташ одат тусига кирган. Яъни, бу тушунча эстетик баҳолаш мезони сифатида юксак талаблардан келиб чиқади ва воқеликнинг одатий тасвирларидан фавқулодда баланд савияда экани билан ажралиб туради.

Хаёлийлик мўъжизавийликка нисбатан кенгроқ қамровга эга. Унда гарчанд эртакнома сюжетлар асос вазифасини бажарса-да, мўъжизавийликка ўхшаб, унинг илдизи асотирларга бориб тақалса-да, у мусиқа, рангтасвир ё адабиёт воситасида воқеликнинг яширин имкониятлари, сирли маънолари борлиги тўғрисида кутилмаган ва дадил тахминларни ўртага ташлайди. Хаёлийликда санъаткорнинг ижодий тасаввури орқали реалликда мавжуд бўлмаган объектлар, воқеликлар қадрият тусини олиши, баъзи бадиий қиёфалар идрок этувчи томонидан намуна тарзида  қабул қилиниши мумкин. Айни пайтда бу тасаввур маҳсули билан реал ҳаёт орасидаги масофа ҳеч қачон йўқолиб кетмайди.

Хаёлийлик мўъжизавийликдан ўзига хос фарқлар билан ажралиб туради. Биринчи тафовут шундаки, мўъжизавийлик ҳеч қачон реалликка айланмайди, яъни гўзал эртак бўлиб қолаверади. Хаёлийлик эса кўп ҳолларда эртами-кечми реалликка айланади. Масалан, «Минг бир кеча» даги Алоуддининг чироғи ва ундан чиқадиган дев-мўъжиза, у мўъжизалигича қолади. Лекин учар гилам хаёлийликка тааллуқли. Чунки у тадрижий тарзда реалликка яқинлашиб боради. Бу яқинлашув унинг шаклида ҳам, материалида ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, эртаклардаги матодан тўқилган учар гилам дастлаб «тўқсон тўққиз мурватли» (механизмли), дастак ўрнини босадиган қулоқлари воситасида бошқариладиган ёғоч отларга, яъни тасаввурдаги механик қурилмага айланганини кўрамиз. Кейинроқ эса, улар реалликдаги ҳаво шарларига, сўнг «пўлат қушлар» – учоқларга, ундан кейин сайёралар аро  сафар қиладиган фазо кемаларига айланди. Демак, мўжизавийлик учун сўнг мақсад – тасаввурнинг ўзи. Хаёлийликда эса тасаввур муайян босқич, ғояни реалликка олиб чиқадиган пиллапоя вазифасини ўтайди. Шу сабабли у илмий тафаккур, фан тараққиёти билан боғлиқ. Ҳозирги пайтда бадиий адабиётда илмий-хаёлий жанр кенг тарқалган. Бунда санъатдаги хаёлийликнинг реал илмий воқеликка катта таъсир кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Лекин хаёлийликнинг асл мақсади ана шундай таъсир билан чегараланмайди. Унинг мақсади илмни тарғиб қилиш ҳам, илмий муаммоларни ўртага ташлаш ҳам эмас, балки инсон билимини ошириш, хаёлотни, инсоний реалликни яхшилашга хизмат қилдиришдир. Хаёлийликнинг хаёлотдан фарқи ҳам шунда. Хаёлот биздаги ғаройиб истак, бизни мавжуд реалликдан юксакка, кенгликка олиб чиқадиган ҳодиса бўлса, хаёлийлик ана шу ғаройиблик, юксаклик ва кенгликни идеал билан бойитиб, аниқ мақсадга йўналтирадиган инсоний хусусиятдир. Демак, шундай дейиш мумкин: хаёлот «ширин хаёллар»нинг бетартиб, тасодифий йиғиндиси сифатида турли хил (илмий, бадиий, диний ва ҳ.к.) тасаввурларимизнинг асосини ташкил этадиган руҳий эврилишдир. Хаёлийлик ўша «хирмондан» идеалга мос равишда танлаб олиниб, эстетик хусусият тарзида тизимлаштирилган хаёллар мажмуини бадиий асардаги инъикосидир.

Мўъжизавийлик билан хаёлийлик орасидаги яна бир фарқ – санъатда инъикос этганида уларнинг бадиий асар ечимини қай тарзда ҳал қилишида кўринади: мўъжизавийлик доимо бахтли ечим билан тугайди, хаёлийлик эса гоҳ фожиавийлик, гоҳ кескин драматик ҳолатларни ҳам ечимга олиб чиқиши мумкин.

Ҳозирги пайтда мўъжизавийлик билан хаёлийлик кўпроқ одамзод ҳаётининг икки қутбига йўналтирилгани билан тобора бўртиб кўзга ташланаётганини кўрамиз: бу икки хусусият бир илдизга – хаёлотга асосланишига қарамай, уларнинг бири – инсониятнинг ўтмишига, иккинчиси – келажакка йўналтирилган. Чунки XXI аср кишиси билан мўъжизавийлик орасидаги эстетик масофа ўта узоқлашиб кетди – одамлар мўъжизага хаёлан ҳам ишонмайдиган бўлиб қолганлар, фан-техниканинг юксак тараққиёти, ақлнинг ҳиссиёт устидан, қонуннинг ахлоқ устидан тийиқсиз гегемонлиги ҳаётий реалликни ўта рационаллаштириб юборди. Энди мўъжизавийликни асосан ўтмишдан мерос бўлиб келаётган халқ оғзаки ижодида ва замонавий бахшилик санъатида учратамиз. Уни идрок этувчилар сафи ҳам торайган: кўпроқ болалар ва диндорлардан иборат. Хаёлийлик эса келажакдаги ҳаёт тасвирига бағишланган илмий-хаёлий жанрда акс этиши туфайли ҳали ҳам ўз мавқеини ушлаб турибди. Лекин инсоният болаликсиз мавжуд бўлолмайди, бу табиий ҳол, токи болалар бор экан, мўъжизавийлик ҳам йўқолиб кетмайди.

Шундай қилиб, мўъжизавийлик билан хаёлийлик эстетик хусусият ва нафосат фалсафасининг асосий тушунчалари сифатида жиддий ўрганишга лойиқ маънавий ҳодисалардир. Ҳозирги пайтда бизда, бошқа ижтимоий воқеликларда бўлганидек, фанга ҳам мустақил, мафкурабозликдан ҳоли холисона ёндашувнинг қарор топганлиги бунга кенг имкониятлар очиб беради.

Тўйтепа,

2007; 2011

[1] Шеллинг Ф. Философия искусства. М., «Мысль», 1966. С.141.

ФИРОҚНОМА

Анна АХМАТОВА

Йўқ! Мен на ёт юртга кетдим ўшанда, 

На ётлар пинжида сақлай дедим жон,

Шўрлик халқим билан шўрлик Ватанда

Шўрбахтлик кунжида яшадим бешон.

СЎЗ БОШИ ЎРНИДА

Ежов даврининг даҳшатли йилларида мен Ленинград турмалари олдидаги навбатларда ўн етти йил тик турдим. Ўшандай пайтлардан бирида мени кимдир “таниб қолди”: орқамда турган, лаблари кўм-кўк бўлиб кетган, табиийки, номимни ҳеч қачон эшитмаган бир аёл, ҳаммамизнинг одатимизга айланиб қолган ҳардамхаёлликдан чиқди-да, қулоғимга энгашиб сўради (у ерларда барча шивирлаб гапирарди):

  • Шуларни сиз ёза оласизми?

Ва мен жавоб бердим:

  • Ёза оламан.

Шунда унинг қачонлардир аёл рухсори деб аталган ва ҳозир қоқсуякка  ёпишган юз терисида жилмайиша ўхшаш нимадир пайдо бўлди.

БАҒИШЛОВ

Бу ғамдан тоғнинг ҳам букилгай қадди,

Тиниб қолгусидир улуғ дарё ҳам.

Бироқ турмаларнинг тамбаси маҳкам,

Уларнинг ортида “аристон кати”

Ва дилни қон қилган соғинчли алам.

 

Кимнингдир юзини эркин ел силар,

Кимга эркаланиб жилмаяр шафақ,

Бизнинг қулоқларни бир хилда тилар

Калитлар жаранги,  мудҳиш, чўнг “тақ-тақ”  –

Гумбурлар нағалли оғир этиклар.

Тонгги ибодатга тургандек, барвақт

Борардик биз ҳуркак пойтахт бўлиб лол,

Унда учрашардик арвоҳлар мисол,

Нева сертуман-у, қуёш қуйи, тек

Ва умид олисда куйлар бандидек.

Ҳукм… Шу ондаёқ кўздан сачар дод,

Энди ажратилиб ҳаммадан, шўрлик

Юракдан суғуриб олинган ҳаёт

Мана, мана, ҳозир қулар  бенажот…

Бироқ у йўл босар… Ҳамроҳи ҳўрлик.

Бугун қайда экан  эрксиз дўстлари

Қаҳрдан тош қотган икки йилимнинг?

Уларга не сўзлар Сибирь музлари,

Соғинчнинг кўзгуси – Ойнинг юзлари?

Уларга саломим – тафти дилимнинг.

КИРИШ

Рўй бермиш бу – одамлар ўлиб,

Азоблардан қутилган маҳал,

Турмасига илова бўлиб,

Ленинград букилган маҳал.

Эсанкираб ғамдан дарднишин

Маҳкам сафлар ўтар жим юриб.

Айрилиқнинг қисқа қўшиғин

Парвозлар айтар қичқириб.

Боши узра ўлим калхати, –

Бегуноҳ Русь заққум ютарди,

Эзиб уни нағал пўлати,

Марусалар[1] босиб ўтарди.

I

Сени тонгда  кетдилар олиб,

Бир соядек эргашдим мен ҳам.

Қоронғуда гўдаклар қолиб,

Эриб битди черковдаги шам.

 

Бут совуғин сақларди лабинг,

Манглайда тер… Унутмас ёдим!

Янграр ўқчи хотини[2] каби

Кремлнинг пойида додим.

II

Тинч Дон оқар қуйига,

Сарғиш ой кирар уйга.

 

Кирар-у қолар туриб,

Ёлғиз арвоҳни кўриб.

 

У – бир аёл хастаҳол,

У – бир мосуво аёл:

 

Эр – ерда, ўғилда – ғул,

Дуо сўрар сиздан тул!

III

Йўқ, мен эмас, бошқа биров чекар изтироб,

Бу азобга етмас эди менинг тоқатим,

Барин қора ридо билан ёпиб қўйсинлар.

Бас, фонусни олиб кетишсин…

Тун.

IV

Кўрсатаман сенга, буғубор,

Дўстларига суюк ҳазилкаш,

Чорқишлоқлик шаддод гуноҳкор, –

Ҳаётингда не бўлгай пешкаш:

Уч  юзинчи бўлиб навбатда

Сен турасан турма қошида,

Қўлда тугун, йиғлаб хасратда,

Муз куяди ёниқ ёшингдан.

Жим силкинар турма тераги,

На бир овоз – унда қанчалаб

Беайбларнинг тўхтар юраги…

V

Мана ошди ўн етти ойдан,

Қичқираман, чорлайман,

Сени излаб жаллод пойидан,

Ўғлим, ўзни хорлайман.

Бари терсдир, чалкаш, беомон,

Кутиб қатл кунини,

Ажратолмайман шуни:

Йиртқич ким-у, одам ким ҳамон.

Кўз ўнгингда қуюқ гулдаста

Ва бухўрдон[3] жаранги, аста

Ҳечлик томон тушган из.

Кўзларимга қаттиқ тикилар

Ҳалокатдан берганча хабар

Тенги йўқ улкан юлдуз.

 VI

Ҳафталар ўтар жадал,

Не бўлганин билолмам,

Турмада оқ тун, болам,

Сокин боқарди аввал.

Энди-чи, у тун қарар

Чақчайган калҳатдек хоч

Бериб сенга баланд хоч

Ва ўлимингдан хабар.

VII

          ҲУКМ

Боқ, қулади ҳануз бу тирик

Кўкрагимга тошдек сўз ногоҳ.

Билар эдим: бор бу кўргилик,

Чидагайман, сабрим бер паноҳ!

 

Бугун менинг жуда кўп ишим:

Хотирани ўлдирмоқ керак.

Яшаш учун шарт кўникишим,

Токи тошга айлансин юрак.

 

Йўқса… Ёзги оташ фусуннинг

Ташдан боқар кўзи шўху шан.

Бу бўм-бўш уй, бу ёруғ куннинг

Қисматлигин сезардим кўпдан.

VIII

      ЎЛИМГА

 Барибир келасан, кел, кел, йўлга чиқ,

Сени кутиш оғир жуда ҳам.

Чироқни ўчирдим, эшигим очиқ,

Оддийликда тенгзиссан бирам!

Келавер, хоҳлаган қиёфангга кир!

Заҳарли снаряд бўлиб, портла ё,

Ўғридек тош тутиб, пусиб кел бир- бир,

Ёки терламанинг заҳрин кўр раво,

Ё ўзинг тўқиган эртак бўлақол,

Эшикни очар-у сени танир эл,

Ҳаворанг шапкани кўрган оқсоқол,

Ўзини йўқотган қўрқинч бўлиб кел.

Мен учун барибир, Энасойда буғ,

Қутб юлдузида ўша-ўша нур

Ва ошиқ кўздаги мовий-мовий чўғ

Қотган даҳшат билан аста қопланур.

IX

Соя солди телбалик тундай

Қалб ярмини эгаллаб шундай,

Кўланкасин телбалик ташлар.

У ичириб қизғиш, ўтли май,

Қора водий томонга бошлар.

 

Билганим шу – мен ғалабани

Унга бериб четга ўтаман.

Ўз дардимга ўзганинг тани

Каби энди қулоқ тутаман.

 

Олиб кетай десам гар бундан,

Ҳеч нарсага у бермас рухсат

(Қанча қилма илтимос ундан

Яшасанг ҳам сўраб гар шафқат):

 

На ўғлимни – қўрқинчли кўзни,

Қотиб қолган азоб учқунин,

На қалдироқ рўй берган кезни,

На турмада учрашув кунин,

 

На жўкининг титроқ соясин,

Азиз қўлнинг на совуқ кафтин,

На олисда қолган сўз сасин, –

Ва на сўнгги далданинг тафтин.

Х

ХОЧПАРЧИН

 “Фарёд қилма, Мене, Мате, қабрда кўриб…”

1

Фаришталар шарафлади улуғ он пайтин,

Олов ичра эриб кетди осмон шу заҳот.

“Нечун мени тарк этдинг?” деб Отага айтди

Ва онага деди: “Солма, о, Мене, фарёд…”

2

Магдалина ёқа йиртиб, йиғлади гирён,

Суюк шогирд қотди гўё айланиб тошга.

Бироқ сукут сақлаб турган Онаси томон

Ботинмади бирор кимса ҳатто қарашга.

ХОТИМА

1

Билдим мен юзларда сўлғинлик қайдан,

Киприклар қўрқувдан қандай безиллар,

Қай тарзда изтироб ми хатлар билан

Юзга саҳифадек ўйиб ёзилар,

Қай тарзда кумуш ранг ўтишин кўчиб

Қораю кулранг тус зулфларга ногоҳ,

Қандай ройиш лабда табассум ўчиб,

Кулгида  қўрқувнинг титрашини гоҳ.

Ўзни дебмас, Тангрим, ёлбордим бугун:

Гоҳ қорда, гоҳ чилла  сочганда олов, –

Ким турган бўлса гар сўқир ва соқов

Деворлар остида – ўшалар учун!

2

Йўқлов они тағин яқин, ўйлатар бизни,

Мен кўряпман, эшитяпман, сезяпман сизни:

 

Бирингизни суяшади боқсин деб ташга,

Ўзгангиз-чи тупроқ узра юрмайсиз бошқа.

 

Мана бу-чи: “Турмага, – дер силкиб кокилин,  –

Ўз уйимдек келаман мен – ҳар галги келин”.

 

Қани энди ҳаммангизни номма-ном айтсам,

Бироқ рўйхат сир сақланар, илож йўқ ҳеч ҳам.

 

Улар учун парда тўқиб, мен энди тутай:

Шўрликларнинг ҳар сўзини пойлашар, нетай!

 

Лекин бари эсимдадир ҳар қайда ҳар он,

Мен уларни унутмайман келса ҳам қирон.

 

Юз миллионлаб халққа дўниб қичқирган нигун,

Шу қон қусган оғзимни гар юмсалар бир кун,

 

Истагим шу: улар ҳам жим, маъюс, бешуур,

Эсласинлар йўқлов куним мени-да бир қур.

 

Қачонлардир, вақти келиб, бу юртда агар

Менга ҳайкал қўймоқликка жазм қилсалар,

 

Мен бундайин тантанага бераман рухсат,

Лекин жойи борасида шартим бор фақат:

 

Жойи эмас туғилганим – денгиз бўйи ҳам,

Денгиз билан узилмишдир энг сўнгги риштам,

 

Жойи эмас Чорқишлоқнинг боғида тўнгак, –

Мени излаб тополмаган руҳ кезган бурчак,

 

Жойи бу ер – уч юз соат тик турган жойим

Ва шунда ҳам очилмаган дарвоза пойи.

 

Унутмайин тотли ўлим қўйнида ҳатто

Ёпиқ қора марусалар гувиллашин то,

 

Унутмайин: ёпиб шумшук эшикни кампир,

Увлаганин нақ ярадор бўридек зир-зир

 

Ва менинг бу қимир этмас тош қовоғимдан

Эриган қор кўз ёш бўлиб томсин  дафъатан,

 

Олисларда чарх урсин-да  турма каптари,

Нева бўйлаб кемалар тинч сузсин уфқ сари.

 

 Ленинград Москва  Ленинград,

1935 1940

[1] Маруса – ёпиқ турма машиналари халқ орасида шундай деб аталган. (Тарж.)

[2] Бу ўринда бешафқат ҳукмдорлар Пётр ва Сталин қиёсланмоқда. (Тарж.) Пётр I исён кўтарган ўқчиларни кремл девори тагида қатл эттирган.

[3] Бухўрдон  – исириққа ўхшаш хушбўй муқаддас гиёҳ солинган идиш. (Тарж.)

Рус тилидан Абдулла ШЕР таржимаси